Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6019-сон Фармонига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги “Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 114-сон қарорига мувофиқ 2021 йил 1 январдан тажриба (синов) тариқасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш белгиланган.
Рақобат тўғрисидаги қонун талабларининг бузилиш хавфининг олдини олиш ва бизнес юритишнинг корпоратив стандартларини жорий этишга оид самарали тизимни ташкил этиш мақсадида 2021 йил давомида синов тариқасида “Uzbekistan Airways”, “Kvarts”, “Asaka bank”, “UzAuto motors”, “O‘ztransgaz”, “Navoiazot”, “Issiqlik elektr stansiyalari”, “O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari”, “Qizilqumsement” ҳамда “O‘zbekneftgaz” акциядорлик жамиятларида, шунингдек, 14 та маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва 22 та давлат бошқаруви органларида монополияга қарши комплаенс тизими жорий қилинди.
Мазкур кўрсатиб ўтилган субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш, унинг фаолият юритишини таъминлаш ва мониторинг қилиш мақсадида ваколатли шахс (бўлинма) тайинланди ҳамда фаолиятда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиш хавфларини камайтириш мақсадида бир йилга мўлжалланган “йўл харитаси” тасдиқланиб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, жорий йилда 17 та табиий монополия субъектларида, 36 та товар ёки молия бозорида устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектларда, шунингдек, 19 та охирги уч йилда товар сотишдан олинган жами тушумининг ўртача йиллик миқдори 30 миллиард сўмдан ошадиган корпоратив буюртмачиларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Қайд этиб ўтилган субъектларда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиш хавфларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари Қўмита томонидан доимий ўрганилиб, самарадорлик кўрсаткичлари баҳолаб борилади.