Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари кетмоқда. Коммунал тармоқлар қайта кўриб чиқилиб, иссиқлик корхоналари модернизация қилинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи давомида вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасининг Қарши шаҳрида янгидан бунёд этилган марказий қозонхонасини бориб кўрди.
Ушбу мажмуа 12 Гкал қувватга эга. Бу ерга Туркиядан келтирилган 14 МВтли учта қозон ўрнатилди. Бунинг эвазига йилига 1,7 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш имконияти яратилди.
Марказ қурилиши жараёнида ҳудудга олти километр қопламали қувур тортилди. Иссиқлик тармоқлари ёпиқ тизимга ўтказилди ва йўқотишлардан ҳимоя қилинди.
Ушбу мажмуанинг фойдаланишга топширилиши 38 та кўп қаватли уйдаги бир ярим мингдан зиёд хонадон ҳамда учта ижтимоий объектни иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлайди.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга қишга тайёргарлик ишларини сифатли бажариб, энергия ва иссиқлик таъминоти барқарор қилиш, энергия тежамкорлик маданиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа жойлашган Наво маҳалласини ҳам кўздан кечириб ўтди.