Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль 13-15 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Савдо, инновациялар ва технологиялар алмашинуви, энергетика, электроника ва электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурлар муҳокама қилинади.
Шунингдек, минтақавий, шу жумладан «Марказий Осиё – Корея Республикаси» форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган.
Саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея Президентлари қўшма бизнес форумида иштирок этадилар.
Президент Юн Сок Ёль мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюради.