Давлат раҳбарига Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик лойиҳаларининг бориши ҳақида ахборот берилди.
Сўнгги йилларда пойтахтимиз улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Кўплаб турар жойлар, ишбилармонлик марказлари, корхоналар, хиёбонлар барпо этилди. Энди урбанизация жараёнларида узоқни ўйлаб, қурилишлар шаҳар ташқарисида амалга оширилмоқда.
Улардан энг муҳимлари – Олимпия шаҳарчаси ва Янги Тошкент лойиҳаларидир.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили 9 ноябрь куни Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйган эди. Унинг майдони 100 гектар бўлиб, 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади. Бу ерда 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари ўтказилади.
Лойиҳа дунёнинг 70 та мамлакатида спорт иншоотлари қурган Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан биргаликда амалга оширилмоқда. Қурилишга мингдан зиёд ишчи ва муҳандислар, илғор техникалар жалб қилинган. Ҳозирги кунга қадар 7 та асосий бинонинг ер ости ишлари тўлиқ бажарилган. Навбатдаги босқичлар жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Ушбу ҳудуд яқинида яна бир шаҳар – Янги Тошкент қурилиши режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари жорий йил 18 март куни унга тамал тоши қўйган эди. Лойиҳанинг биринчи босқичида 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, давлат идоралари учун маъмурий бинолар, боғлар, ижтимоий ва иқтисодий объектлар барпо этилади.
Тақдимотда шу борадаги дастлабки ишлар ҳақида ахборот берилди. Бугунги кунда шаҳарни лойиҳалаштириш ва қурилишни мувофиқлаштириш учун дирекция тузилган. Ҳудуд чегаралари тасдиқланиб, Кадастр агентлиги билан инвентаризация қилинган. Инфратузилма ва меъморий ечимларнинг турли босқичлари бўйича Сингапур, Буюк Британия, Нидерландия, Туркия компаниялари ва маҳаллий тадбиркорлар билан шартномалар тузилган.
Хусусан, Сингапурнинг “Meinhardt group” компанияси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада ижтимоий соҳа объектлари жойлашуви, транспорт тармоқлари ва уларни пойтахтимиз билан боғловчи йўлларга алоҳида эътибор қаратилган.
Тақдимотда, шунингдек, Ислом цивилизация марказининг ички меъморий қиёфаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Марказдан ўрин оладиган музейда мутафаккир боболаримизнинг илмий мероси, улар яшаган давр муҳити акс эттирилади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни ўз вақтида, сифатли барпо этиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.