Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида аҳоли бандлигини таъминлашга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифлари чоғида биринчи галда ишсизлик масаласига эътибор қаратиб, уни камайтиришни асосий вазифа қилиб қўяди. Бу борада барча ҳудудларда манзилли дастурлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 1 миллиондан зиёд меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлиб, шундан 76 минг нафари ишсиз. Ҳар йили меҳнат бозорига 37 мингга яқин ёшлар кириб келмоқда. Буларнинг ҳаммасини инобатга олиб, Бухоро вилоятини 2023-2025 йилларда аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантириш мақсад қилинган.
Бунинг учун имкониятлар етарли. Масалан, пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари. Бухорода 11 та шундай ташкилот бўлиб, улар томонидан саноат ва қишлоқ хўжалигида 94 мингта, шу жумладан, касаначиликни ривожлантириш орқали 19 мингта иш ўрни очилиши мўлжалланмоқда.
Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 57 та микромарказ, ишсизлик юқори бўлган 98 та маҳаллада кичик тикув цехларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Жорий йилда 15 минг гектар экин ерларини қайта фойдаланишга киритиш имконияти ҳам бор. Бу ерлар янги деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун аҳолига очиқ электрон танлов асосида тақдим этилади. Шунингдек, давлат активларини аукционга чиқариш, уларнинг негизида иш ўринларини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Умуман, ушбу чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 250 мингта иш ўрни яратилиши, 2023-2025 йилларда Бухоро вилояти аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантирилиши қайд этилди.
Тақдимотда Ҳиндистон билан ҳамкорликда Қоракўл туманида IT-кластер ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур таклифларни маъқуллаб, қўшимча топшириқлар берди.