Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига, бевосита ёки ижтимоий тармоқлар орқали чиқинди билан боғлиқ муаммолар юзасидан фуқаролардан кўплаб эътирозлар билдирилган мурожаатлар келиб тушмоқда.
Хусусан, Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси мазкур йўналиш бўйича истеъмолчилардан тушган мурожаатлар асосида ўз ўрганишларини ўтказди.
Маълумки, Қашқадарё вилояти статистик кўрсатгичларига кўра, вилоят 15 та туман (шаҳар)ларга эга бўлиб, унда 821 та маҳалла (3482,3 минг аҳоли) мавжуд. Ўрганишлар давомида айни дамда санитар тозалаш корхоналари томонидан 762 та маҳалла (2533,04 минг аҳоли)га чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Мазкур рақамлар шуни кўрсатадики, бу хизматлар вилоятнинг 92,8 фоиз маҳалласи ёки 72,7 фоиз аҳолисини қамраб олган.
Ҳақиқатда эса вилоят аҳолиси тўлиқ хатловдан ўтказилмаганлиги, санитар тозалаш корхоналари чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари бўйича шартномалар аҳоли хонадонлари билан эмас, маҳалла фуқаролар йиғини билан оммавий оферта асосида тузилганлиги натижасида маҳалладаги ҳар бир хонадон (чиқинди топширмайдиган, бугунги кунда истиқомат қилмайдиган, хизмат сифатидан норози аҳоли хонадонлари)га ҳам узлуксиз хизмат ҳақлари ҳисобланиши ва чиқиндиларни 10 кундан 15 кунгача бўлган муддатда кечиктириб олиб кетилаётганлиги учун кўпгина аҳоли хонадонлари мазкур хизмат туридан фойдаланиш ҳамда тўловларни қилиш борасида эътирозлари кўпайганини кўрсатади.
Бу ҳолат Вазирлар Маҳкамасининг 06.02.2019 йилдаги 95-сон қарори талабларига ҳам зид ҳисобланади.
Ўрганиш жараёнида 2024 йилнинг 1-чорагида давридаги чиқинди ташиш хизмати кўрсатилиши даври учун истеъмолчи абонентлар-хонадонларга ҳисобланган қарздорлик суммалари, бу даврда уларга турли сабаблар натижасида чиқинди ташиш хизматларининг кўрсатилмаганлик вақтлари учун уларга ҳисобланиб келинаётган қарздорлик суммалари таҳлил қилинди.
Таҳлил вилоятдаги МФЙлари кесимида чиқинди ташиш хизматидан фойдаланадиган абонентлар сони, абонент сифатида ҳисобда турувчи хонадонлардаги аҳоли сони, хизматдан фойдаланадиган хонадонларга кўрсатиладиган хизмат учун ҳисобланган қарздорлик суммалари, аҳоли хонадонларига ҳисобланган қарздорлик суммалари таркибидаги хизмат кўрсатилмаган қисми учун қайта ҳисоб-китоб қилинган суммалар кўрсаткичлари воситасида ўтказилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, истеъмолчи абонентлар хонадонларига ҳисобланган қарздорлик суммалари таркибидаги кўрсатилмаган хизматлар қисми учун номуайян доирадаги 351 153 та хонадонларда яшовчи 1 452 276 нафар истеъмолчига жами 15 млрд 593 млн 340 минг 700 сўм қарздорлик ҳисобланганлиги аниқланди.
Хизмат кўрсатувчи субъектлар томонидан истеъмолчиларга ушбу хизмат турини кўрсатилиши давомида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлари ҳақиқий эмаслиги, яъни сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланганлиги сабабли хизмат кўрсатилмаган кунларга аниқлик киритилди.
Қайта ҳисоб-китоблар натижасида жами 10 929 445 471 сўмлик маблағ қарздорлик ҳисобидан чиқарилиб, истеъмолчилар фойдасига ҳал қилиниши таъминланди.
Шу ўринда, тадбиркорлик субъектларига чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилиши, ҳар йили маҳалла фуқаролар йиғини билан биргаликда ўзларига бириктирилган ҳудудда хатлов ишларини ўтказиш ҳамда аҳоли сонига аниқлик киритиб бориш мақсадга мувофиқ эканлигини эслатиб ўтамиз.
Маълумот ўрнида. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан – бир кунда бир маротаба ва якка тартибдаги турар жой секторидан “сигнал” усулида – уч кунда бир маротабани ташкил қилиши белгиланган.
Чиқинди қутилари, улардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши ва хизмат кўрсатилиши (тозалаш, бўшатиш в.ҳ.) учун қулай бўлган жойга ўрнатилиши, пиёдалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар аравачалари ҳамда велосипедлар ҳаракатига халақит бермаслиги, тоза ва соз ҳолатда сақланиши, шунингдек, барча санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ бўлиши лозим.