ФУҚАРОДАН САВОЛ:
- Техник жиҳатдан мураккаб маиший товарлар ва уларни харид қилишда нималарга эътибор қаратиш зарур?
МУТАХАССИС ЖАВОБИ:
– Техник жиҳатдан мураккаб маиший товарлар: маиший радиоэлектрон аппаратлар, алоқа воситалари, ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси, фото ва киноаппаратлар, соатлар, мусиқа товарлари, маиший электр приборлари, машина ва жиҳозлар, техник жиҳатдан мураккаб бошқа маиший товарлар бўлиб, савдо залига ёки харидни бериш жойига чиқарилгунга қадар савдоолди тайёргарлигидан ўтиши керак, у товарни очиш, завод мойларини, чангларни, қириндиларни тозалаш; товарни кўздан кечириш; буюмнинг бутлигини, сифатини текшириш, товар ва унинг тайёрловчиси, зарурат бўлганда буюмни йиғиш ва созлаш тўғрисидаги зарур маълумотлар мавжудлигини текширишларни ўз ичига олади.
Сотувга қўйилган товарлар намуналари савдо залига жойлаштирилиши, уларда товарнинг номи, маркаси, модели, артикули, нархи кўрсатилган ёрлиқлари, шунингдек унинг асосий техник тавсифлари ёзилган қисқача аннотация бўлиши керак.
Харидорнинг талабига кўра у товарларнинг тузилиши ва ишлаши билан таништирилиши, товарлар йиғилган, техник жиҳатдан соз ҳолатда намойиш қилиниши керак. Ишлатиш учун махсус жиҳозни талаб қилмайдиган товарлар ишлаётган ҳолатда намойиш қилинади.
Сотувчи харидор иштирокида товарнинг сифатини, унинг бутлигини, унга тааллуқли ҳужжатларнинг мавжудлигини, нархининг тўғрилигини текширади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада сотиладиган маиший электр приборларини, янгидан қуриладиган бинолар ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 9 апрелдаги 86-сон қарорида назарда тутилган, маиший электр приборларга илова қилинадиган техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг класси тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган маиший электр приборларини сотиш ва сотиш учун сақлаш тақиқланади.
Техник жиҳатдан мураккаб маиший товарларни харидорга бериш чоғида айни бир вақтда товарни тайёрловчи томонидан қўйилган буюмлар ва ҳужжатлар комплекти (сотиш санаси ва жойи кўрсатилган техник асбоб ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат, ишлатиш бўйича йўриқнома ва бошқа ҳужжатлар) ҳам берилади. Чет элда ишлаб чиқарилган товарларнинг ишлатиш бўйича йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлари харидорга давлат тилида тақдим этилади. Бунда уларнинг таржимаси учун харажат харидорлардан ундирилмайди. Харидорга товар билан бирга ушбу Қоидаларнинг 164-бандида кўрсатилган маълумотлардан иборат бўлган товар чеки ҳам берилади.
Сотувчи ёки сотувчи функциясини бажарувчи ташкилот улар билан шартнома бўйича техник жиҳатдан мураккаб бўлган, техник регламентлар ёки стандартлар ёки товарга илова қилинган ҳужжатлар (техник паспорт, ишлатиш бўйича йўриқнома) талабларга мувофиқ товарни харидор томонидан мустақил равишда йиғиш ва (ёки) ишлатишга йўл қўйилмайдиган товарларни харидорнинг уйида йиғиши ва (ёки) ўрнатиши (ишлатиши) шарт.
Кўрсатиб ўтилган ишларни бажарувчи ташкилотлар тўғрисида маълумотларни сотувчи товарларни сотиш чоғида харидорга маълум қилиши шарт.
Агар товарни йиғиш ва (ёки) ўрнатиш қиймати унинг нархига киритилган бўлса, у ҳолда мазкур ишлар сотувчи ёки тегишли ташкилот томонидан бепул бажарилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЧАКАНА САВДО ҚОИДАЛАРИНИ ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ МАҲСУЛОТЛАРИНИ (ХИЗМАТЛАРИНИ) ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА СОТИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА”ги қарори.