Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тузилган ишчи гуруҳи ташқи реклама ва ташқи тарғибот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси «Давлат тили ҳақида»ги ҳамда «Реклама тўғрисида»ги қонунларига мослиги юзасидан мониторингларини ўтказиб келмоқда.
Қўмитанинг Сирдарё ва Жиззах вилояти ҳудудий бошқармалари томонидан Гулистон ва Жиззах шаҳарларидаги марказий ҳамда ички кўчаларидаги ноқонуний ўрнатилган ташқи тарғибот воситалари олиб ташланди.
Гулистон шаҳар ҳокимлиги ишчи гуруҳи билан Гулистон шаҳрининг Навоий кўчасида олиб борилган мониторинг давомида ўзбошимчалик билан ноқонуний ўрнатилган ташқи реклама воситаларига дуч келинди.
Жиззах шаҳридаги ўрганишларда ишчи гуруҳ билан симёғоч, газ узатиш тармоқлари ҳамда дарахтларда ноқонуний жойлаштирилган рекламалар борлиги аниқланди. Шунинг билан бир қаторда “Давлат тили ҳақида”ги қонунга номувофиқ рекламалар мавжудлиги кўзга ташланди. Яъни «Обой», “Авто мойка”, “Мы открылись”, “Мужской, женский салон» каби сўзлар ишлатилган.
Жумладан, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида рекламани давлат тилида тарқатилиши;
“Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига асосан лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши белгиланган.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирокида “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг ёритиш, янги киритилган нормалар билан жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида жойларда тарғибот тадбирлари, тадбиркорлар билан учрашувлар мунтазам олиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ташқи реклама воситаларини жойлаштириш тартиби қатъий белгиланган бўлиб, ўзбошимчалик билан, конструкциялар ташқарисида жойлаштирилган плакатлар ва эълонлар ноқонуний ҳисобланади ва белгиланган тартибда демонтаж қилинади.
Олиб борилган мониторинглар натижасида ташқи реклама воситаларида йўл қўйилган хатоликларни тузатиш бўйича хизмат кўрсатиш объектлари ва дўкон эгаларига тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантириш хатлари берилди. Аксарият реклама воситалари қонун талабларига мослаштирилди.