СОҲА ФАХРИЙЛАРИ ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ушбу қутлуғ айёмни “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида ўтказиш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан хайрли тадбир амалга оширилди.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ва кексаларга ҳурмат кўрсатиш азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Шу маънода Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси ҳамда Қўмитанинг барча ҳудудий бошқармалари томонидан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган нуронийлар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, муборак айём муносабати билан уларга Қўмита раҳбариятининг байрам табриги ҳамда Рамазон туҳфалари топширилди.
Фахрий устозларимиз ўзларига кўрсатилаётган юксак эътибор, эҳтиром ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорчилик билдириб, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсатни юксак баҳоладилар. Шу билан бирга, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, халқимиз фаровонлиги ҳамда Қўмита фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб, эзгу тилакларини изҳор этдилар.
Қадриятларимизни эъзозлашга қаратилган бу каби меҳр-оқибат тадбирлари муборак рамазон ойи давомида изчил давом эттирилади.








