3 май куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислик қилган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, “Masdar”, “Indorama”, “ACWA Power”, “Air Products”, “Çalik”, “Suez”, “Orascom”, “Çengiz”, “Aksa”, “HP“, “Linde”, “Procter&Gamble”, “Visa”, “CAMCE”, “John Deere”, “Huawei”, “Airbus”, “Orano”, “Сommerzbank”, “Total”, “PASHA Holding” каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси вакиллари иштирок этди.
Кенгашнинг асосий вазифалари муваффақиятли тажриба ва халқаро амалиётдан келиб чиқиб, мамлакатимизНИ инвестициявий, савдо-технологик ва инновациявий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳат бериш ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва хорижий инвесторлар ўртасида очиқ мулоқотни таъминлашдан иборат. 2022 йилда бўлиб ўтган биринчи сессияда ушбу механизмнинг самарали фаолият юритиши учун пойдевор яратилган эди.
Бу галги мажлисни очар экан, давлатимиз раҳбари куни кеча ўтган учинчи Тошкент инвестиция форумининг самарали натижаларини қайд этди ҳамда кенгаш аъзоларига Янги Ўзбекистон тараққиётини қўллаб-қувватлашга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида беқарорлик тобора кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олаётгани таъкидланди.
– Бундай мураккаб шароитда сизлар билан бамаслаҳат, ўзаро кенгашиб, аниқ амалий қадамлар ташласак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта эришамиз, – деди Президент.
Мамлакатимизда қулай инвестиция ва бизнес муҳитини такомиллаштиришга қаратилган инвестициялар ва махсус эркин зоналар тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга ҳисса қўшган ишчи гуруҳи фаолияти алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти жамоаси томонидан бошланаётган инвестиция сиёсати таҳлили жуда муҳимлиги, ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасида асосий йўналишларни белгилаб олишга ва самарали механизмларни яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ҳукумат ҳамда инвесторлар ўртасида очиқ ва самарали мулоқотнинг йўлга қўйилгани барқарор иқтисодий тараққиётнинг асосий калити эканини қайд этиб, давлатимиз раҳбари муайян йўналишлар бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этишни таклиф қилди ҳамда кенгашнинг келгуси фаолияти устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.
Биринчидан, капитал бозорини ривожлантириш. Бу йўналишда хорижий инвесторларнинг талабларига тўла жавоб берадиган халқаро молия марказини ривожлантириш учун ички ва ташқи капитални кенг жалб этишга эътибор қаратиш таклиф қилинди.
Иккинчидан, масъулиятли бизнес юритиш. Бу борада иқтисодиёт барқарорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тегишли тамойилларини кенг жорий этиш долзарб вазифадир.
Учинчидан, муқобил инвестицияларни рағбатлантириш. Бунда стартап, инновацион лойиҳалар, биргаликдаги сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Венчур инвестициялар тўғрисида”ги янги қонун ишлаб чиқилади.
Тўртинчидан, инвесторлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш.
– Хорижий инвесторлар билан давлат органлари ўртасидаги барча хизматларни амалга ошириш учун мукаммал электрон платформани ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий этиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу инвесторларни қийнаётган комплекс муаммоларни ўз вақтида ва тизимли ҳал этишга имкон беради, – деди Президент.
Кенгаш аъзоларининг қўллаб-қувватлаши орқали Ўзбекистон жадал ўсиш суръатларини намойиш этишда давом этиши, халқимиз турмуш даражасини ошириши ва юртимиз фаровон келажагини таъминлашига ишонч билдирилди.
Сўзга чиққанлар Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар дастурини юқори баҳоладилар. Давлатимиз раҳбарига инвестиция фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга қатъий интилиши учун миннатдорлик билдирди.
Мажлис якунида Президентимиз иштирокчилар томонидан билдирилган барча ташаббус ва тавсиялар тўлиқ инобатга олинишини таъкидлади. Ҳукуматга барча таклифларни батафсил кўриб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини назоратга олиш топширилди.
Киритилган ҳар бир таклиф, айтилган ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишга кўрсатма берилди.