Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган мониторинглар натижасида “ROODELL” МЧЖ фаолиятида реклама қонунчилиги талабларига риоя этилмаслик ҳолати аниқланди.
Хусусан, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган рекламаларда “KIA SONET” автомашинаси муддатли тўлов учун 0%” деган мазмундаги маълумотлар тарқатилган. Бироқ, мазкур реклама ахборотида “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддаси талабларига зид равишда шартноманинг муҳим шартлари, жумладан, қўшимча тўловлар ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Бунинг натижасида истеъмолчиларда чалғитувчи тасаввур шаклланган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар асосида қарор қабул қилиш эҳтимоли вужудга келган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Қўмита Махсус комиссияси томонидан “ROODELL” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Рақобат қўмитаси барча хўжалик юритувчи субъектларни амалдаги қонунчиликка риоя қилиш, айниқса реклама фаолиятида аниқ, ошкора ва холис маълумотлар тақдим этишга чақиради.