Рақобат қўмитаси томонидан савдо хизматлари бўйича фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан,
Андижон вилояти
Фуқаро А.А. ҳудудий бошқармага қилган мурожаатида яшаш хонадонига икки шахсий ҳисоб рақам бириктирилганлиги сабабли асоссиз қарздорлик юзага келганлигини маълум қилган.
Ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга асосан қарздорлик бекор қилиниб, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Бухоро вилояти
Фуқаро Х.Тилавова ҳудудий бошқармага мурожаат қилиб, “Микрокредитбанк” АТБга тегишли банкоматдан 2 миллион сўм нақд пул ечишга уринганини, бироқ банкомат пулни бермаганини, шу билан бирга картадан ушбу сумма ечилганини маълум қилган. Мутахассислар томонидан ҳолат ўрганилиб, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга асосан олиб борилган чоралар натижасида банк томонидан фуқарога 2 миллион сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди.
Жиззах вилояти
Фуқаро Б.И. Рақобат қўмитасига мурожаат қилиб, “Ҳаёт бобо авлодлари” озиқ-овқат дўконидаги харид вақтида биринчи картасидан пул ечилмаган деб ўйлаб, иккинчи картасидан ҳам 440 минг сўм тўлов қилган. Кейинчалик банк маълумотларидан аниқланишича, биринчи картадан ҳам ушбу сумма ечилган. Ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиш олиб борилиб, ортиқча ечилган 440 минг сўм маблағ мурожаатчига тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Навоий вилояти
Фуқаро Ф.Б. “Billur avto savdo Navoiy” МЧЖдан харид қилган “DAMAS 2” автомашинаси узатмалар қутисидаги носозлик сабабли Рақобат қўмитасига мурожаат йўллаган. Мурожаат Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилиб, автомашина диагностикадан ўтказилди ва аниқланган носозлик автосалон томонидан бартараф этилиши таъминланди.
Наманган вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Х.Б. мурожаат қилиб, савдо дўконидан харид қилган видеокузатув камераси сифатсиз ва носоз эканлигини билдирган ҳамда уни соз ҳолдаги маҳсулотга алмаштиришда ёки пулни қайтаришда амалий ёрдам сўраган. Ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан мурожаат ўрганилиб, дўкон ходимларига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилди. Натижада, фуқарога сифатсиз камеранинг ўрнига ишлашга яроқли янги камера тақдим этилиши таъминланди.
Фарғона вилояти
Қувасой шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.Э. “Мунис мебель” дўконидан муддатли тўловга 2,4 млн сўмлик скутер сотиб олган, бироқ кўп вақт ўтмай техник восита носозлиги аниқланган.
Ҳудудий бошқарма томонидан масала ўрганилиб, носоз техника янги, ишлашга яроқли скутерга алмаштириб берилди.
Фуқаро Ш.А. “Rendo” хусусий қурилиш компанияси билан уйини таъмирлаш бўйича тузган 46 000 АҚШ долларлик шартнома бўйича фирма ўз хизмати учун 10–15% иш ҳақи олиши керак эди, аммо амалда 20%дан ортиқ маблағ ушлаб қолган. Бошқарма мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганиш ва ҳуқуқий таҳлиллар натижасида “Rendo” фирмаси томонидан ортиқча ундирилган 30 миллион сўм маблағ фуқарога қайтариб берилиши таъминланди.