Республика бўйлаб истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Андижон вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро У.А. томонидан “Texno mebel” дўконидан сотиб олинган телефон учун ортиқча 1 500 000 сўм ечиб олингани ҳақида мурожаат келиб тушди.
Ўрганиш давомида шартнома онлайн тарзда, техник хатолик билан бошқа маҳсулотга расмийлаштирилгани аниқланди ва натижада, истеъмолчига ортиқча ечиб олинган пул маблағи қайтарилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Бухоро вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро Н.Баракаевнинг қилган мурожаатида электр ҳисоблагичнинг алоқа модули ишламаслиги ва электр корхонаси томонидан янгиси билан алмаштириб берилмаётгани билдирилган.
Мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилиб, кўрилган чоралар натижасида “Бухоро ҲЭТК” АЖ томонидан алоқа модули янгисига алмаштирилди.
Фарғона вилояти мисолида
Фуқаро Л. Азимованинг ҳудудий бошқармага йўллаган мурожаатида, хизмат кўрсатиш шартномаси мавжуд бўлмаган ҳолда “Рустам УЖКХ” МЧЖ томонидан асоссиз қарздорлик ҳисоблангани билдирилган.
Бошқарма томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида 600 000 сўм га яқин бўлган асоссиз қарздорлик биллинг тизимидан ўчирилди.
Жиззах вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро М.З. “Uzum nasiya” платформасидаги телефон хариди бўйича ноқулайлик юзасидан мурожаат қилган.
Фуқаро тўловларни ўз вақтида амалга оширганига қарамай, кечикиб тўланган охирги тўлов учун иш ҳақидан бир вақтнинг ўзида 2 ойлик тўлов МИБ орқали ундирилган ва мурожаатларига жавоб берилмаган.
Бошқарма томонидан ўрганишлар натижасида ортиқча ундирилган 1 600 минг сўмга яқин бўлган маблағ фуқарога қайтарилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Наманган вилояти мисолида
Фуқаро “Dermalayf” компаниясидан 800 000 сўмга харид қилган биологик фаол қўшимча маҳсулотдан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, компания ходимларига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилди.
Натижада истеъмолчига тўланган пул маблағи тўлиқ қайтарилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Навоий вилояти мисолида
Фуқаро С.Х.нинг “Ишонч телефони” орқали йўллаган мурожаати ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилди.
Мурожаатда фуқаро “Paynet” шохобчаси орқали 800 000 сўм тўлов амалга оширгани, лекин маблағ пластик картага тушмагани билдирилган.
Олиб борилган ишлар натижасида “Paynet” АЖ томонидан ушбу сумма С.Х.нинг картасига ўтказилиши таъминланди ва мурожаат ижобий ҳал этилди.