Республика бўйлаб ичимлик суви, суюлтирилган газ ва оқова сув хизматлари бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “O‘ZPARAVTOTRANS” АЖ буюртмачилигида ўтказилган бошланғич нархи 1,9 млрд сўм бўлган танловда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилганлиги юзасидан ўрганиш олиб борилди.
Ўрганишларда мазкур давлат харидида битта ёки бир нечта иштирокчига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш ҳаракатлари содир этилганлиги аломатлари кузатилди.
Юқоридагиларга асосан мазкур ҳолат юзасидан буюртмачига нисбатан иш қўзғатилиб, Махсус комиссияда кўриб чиқилди ва қонунбузилиши эътироф этилган ҳолда тегишли кўрсатма берилди.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқармага “Озоджон Қирйигитович” хусусий корхонаси томонидан мурожаат келиб тушди. Унда корхонага 2024 йил ноябрь-декабрь ойлари учун электр энергияси бўйича ортиқча тўлов ҳисобланганини ва бу ҳолатни бартараф этишда амалий ёрдам сўралган.
Олиб борилган ўрганишларда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Энергосавдо” Жиззах филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси бузилгани аниқланди, яъни давлат томонидан тартибга солинадиган нархлардан ортиқча ҳақ олингани аниқланди.
Натижада, 3446,8 минг сўм миқдоридаги асоссиз қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма берилиб, қонунбузилиш ҳолати бартараф этилди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ю.Г. 30 млн сўм миқдорида Zumrad иловаси орқали онлайн кредит расмийлаштирган ва бу кредит бўйича “ALSKOM SUG’URTA KOMPANIYASI” АЖга суғурта тўловини амалга оширгани, бироқ суғурта полиси тақдим этилмагани юзасидан тушган мурожаатни ўрганиб чиқди.
Натижада суғурта полиси расмийлаштирилиб фуқарога етказиб берилиши таъминланди. Шу билан бирга, фуқарога унинг ҳуқуқ ва имтиёзлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма Марғилон шаҳрида яшовчи Қ.Д.нинг автоҳалокатдан сўнг суғурта тўловини ололмаётганлиги юзасидан қилган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Ўрганишларда “O‘zbekInvest” АЖ суғурта компанияси суғурта тўловини турли баҳоналар билан кечиктирган ва фуқаронинг қонуний талабларига етарли эътибор қаратмагани маълум бўлди.
Натижада, фуқарога 12 млн 87 минг сўм миқдоридаги суғурта пули тўлаб берилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Оқолтин туманида яшовчи фуқаро Я.Н. “Paynet” орқали нотариус хизматлари учун 750 000 сўм тўлагани, бироқ маблағ белгиланган ҳисоб рақамга тушмагани юзасидан мурожаат қилган.
Фуқаронинг мурожаати ўрганилиб, “Paynet” АЖга тегишли тушунтиришлар берилди. Кўрилган чоралар натижасида 750 минг сўм фуқарога қайтариб берилиши таъминланди.