РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Рекламаларда она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланади
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Media24uz” телеграм каналида 2024 йил 30 июль куни телеканалларда тарқатилаётган рекламаларга оид танқидий мазмундаги мақола юзасидан (https://t.me/media24uz қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасига мувофиқ, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланади.
Қўмита ўз ваколатлари доирасида оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган рекламани амалдаги реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан доимий равишда ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилмоқда.
Хусусан, реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, тижорат телеканалари орқали 2020 йилдан 2024 йилнинг 6 ойи давомида жами бўлиб 2 1376 дақиқа, Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи телеканаллар орқали жами бўлиб 1 0478,2 дақиқа она сутига, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларга қўшимча сифатида гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар рационига киритиладиган қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақидаги реклама ахборотлари тарқатилганлиги маълум бўлди.
Бунда, телеканалларда 12 ойдан 5 ёшгача бўлган болалар озуқаларининг (NAN 3, NAN 4, NESTOGEN 3, Nuppi Gold 3, Малютка 3, Малютка 4, Агуша, Фруто Наня) рекламаси жойлаштирилган.
Шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқларда она сутининг ўрнини босувчи ҳамда она сутига, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларга қўшимча сифатида гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар рационига киритиладиган қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида реклама ахборотлариниг тарқатилиши ҳолати ўрганилганда, бола туғилгандан бошлаб берилиши мумкин бўлган она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш ҳолатлари кузатилди.
Ҳозирда Қўмита томонидан мазкур реклама ахбороти юзасидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини ва ўрганиш якунлари бўйича қўшимча ахборот берилишини билдирамиз.