Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда телевидениедаги рекламага оид нормалар ижроси, мазкур соҳадаги реклама фаолият субъектлари томонидан реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши ҳолати, рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан қонун бузилишларини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, телевидениедаги реклама бошқа дастурлардан ўзининг бошланиши ва охирида аудио-, видео-, аралаш воситалар ёки бошловчиларнинг шарҳлари ёрдамида ажратиб қўйилиши ҳолати юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган ўрганишлар натижасида 15 та ҳолатда реклама блоклари телебошловчиларнинг шарҳларисиз жойлаштирилгани кузатилган.
Шунингдек, телекўрсатувлар (концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмлар) намойиши давомида (оралиғида) бир нечта реклама блокларини жойлаштирилиши бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга ва кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг июл-август ойларида эса 8 та телеканалдан реклама учун ажратилган эфир вақтининг кунлик ҳажмига 15 фоиз нисбатан қўйилган талабларга риоя қилинмаган.
Муҳокамалар давомида депутатлар бугунги кунда теледастурларнинг реклама қисмлари (блоклари) товушининг теледастурларга нисбатан меъёрдан баландроқ берилиши ҳолатлари кузатилаётгани ва бу телетомошабинларнинг эътирозига сабаб бўлаётганини қайд этдилар.
Уларнинг айтишича, реклама қонунчилигида рекламани товушига нисбатан қатъий меъёрлар белгиланган бўлса-да, айрим телеканаллар томонидан реклама блокларида жойлаштирилган рекламанинг товуши теледастур ва телекўрсатув товушига нисбатан баландроқ қилиб берилмоқда.
Қўмита аъзолари айрим телеканаллар (“ZO‘R TV”, “Mening Yurtim”, “FTV”) томонидан жойлаштирилган рекламани товуши бошқа теледастурларга нисбатан ошиб кетгани кузатилганини айтиб, бу борада қандай чоралар кўрилмоқда, дея мутасаддиларга мурожаат қилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъуллари ушбу саволга жавоб берар экан, рекламани товушига нисбатан белгиланган меъёрлар (чекловлар)га риоя этмаган телеканалларга нисбатан огоҳлантириш хатлари юборилганини билдирди.
Йиғилишда реклама қилиниши тақиқланган ёки алоҳида тартиби мавжуд реклама ахбороти ҳақида ҳам сўз юритилди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.
Дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва бошқа (оздирувчи, семиртирувчи) препаратларга оид товарлар рекламасини қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 809 та, халқ табобати товарлари рекламасини қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 29 та, энергетик ичимликларнинг рекламасини қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 133 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ва Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан огоҳлантиришлар берилган.
Реклама қонунчилиги бузганлигига қарамасдан ваколатли давлат органи ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланмаган ҳамда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича расмий огоҳлантиришлар бериш билан чекланган. Бунинг натижасида қонун бузилиши ҳолатлари такрорланмоқда.
Театр-концерт тадбирлари рекламасини истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шу жумладан, театр-концерт тадбирларида фонограммадан фойдаланилганда ушбу тадбир рекламасида бу ҳақда маълумот тақдим этилиши юзасидан ўтказилган ўрганишларда 6 та камчиликлар ҳал этилган.
Қизғин савол-жавоблар давомида депутатлар томонидан телевидение орқали тарқатилаётган рекламанинг давомийлигига қўйилган талабга риоя этилиши, реклама фаолият субъектлари томонидан телевидениеда рекламани тарқатишнинг тақиқланган усулларидан фойдаланиш, телевидение орқали тарқатилаётган рекламада вояга етмаганлар ҳуқуқларини таъминлаш талабларига риоя этилиши ҳолати юзасидан қатор саволлар берилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъуллари кўтарилган ҳар бир савол бўйича асослантирилган жавоблар бердилар.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.