Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан https://t.me/Samarqand_live телеграм каналида хонанда Севинч Мўминованинг концерт дастури юзасидан билдирилган эътирозлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Мазкур ахборотда, жорий йилнинг 25 май куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган марказий истироҳат боғида хонанда Севинч Мўминованинг концерт дастури режалаштирилганлиги, бироқ мазкур концерт дастурида хонанданинг иштирок этмаганлиги маълум бўлган ва бу борада ижтимоий тармоқларда салбий фикрлар билдирилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига асосан, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Бугунги кунда, Қўмита ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда концерт ташкилотчилари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилмаган хизмат учун олинган маблағларни қайтариш юзасидан зарур чоралар кўрилаётганлиги маълум қилинади.
Ўз навбатида, мазкур ҳолат Қўмита ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда кўриб чиқилмоқда, ижроси назоратга олинган.