Kun.uz (онлайн нашр) орқали “Тизим яхши ишламаслиги оқибатида қимматчига чиқяпмиз — дорихоначилар Рақобат қўмитасидан норози” мавзуида (https://kun.uz/news/2023/05/22/tizim-yaxshi-ishlamasligi-oqibatida-qimmatchiga-chiqyapmiz-dorixonachilar-raqobat-qomitasidan-norozi) ёритилган материал юзасидан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини қилиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–411-сонли қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 майдан бошлаб янги тартиб кучга кирди. Унга кўра, жисмоний шахслар томонидан харид қилинган дори воситаларининг харид чеки солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситасининг нархи чекланган савдо устамалари билан автоматик тарзда солиштирилиб, устамалар юқори қўлланилгани аниқланганда, Рақобат қўмитасига ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар юборилиши ва ушбу маълумот асосида белгиланган тартибда ҳуқуқбузардан жарима ундирилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 24 мартдаги 115-сон буйруғи билан тасдиқланган “Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисидаги Низом” (10.06.2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 3242-сон билан рўйхатдан ўтказилган) талабларидан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг ахборот тизимида (кейинги ўринларда – Тизим) дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби асосида дори воситаларига белгиланган чекланган нархлар шакллантирилган.
Истеъмолчи томонидан харид чеки сканер қилинганда Солиқ органининг томонидан киритилган маълумотлар асосида дори воситаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг ахборот тизимидаги нархлар билан ўзаро солиштирилади.
Агарда харид қилинган дори воситаси нархи белгиланган нархдан юқорилиги аниқланганда бу ҳақда чора кўриш учун чек ва дори нархи тафовути ҳамда сотувчи ҳақидаги маълумотлар Рақобат қўмитасининг «FAIR TECH» ягона ахборот тизимига келиб тушади.
Қўмита юқоридаги маълумотларга асосан ваколати доирасида ҳуқуқбузар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, ўрнатилган тартибда судларга киритади.
Яқинда Kun.uz таҳририяти томонидан ишга туширилган Тизим яхши ишламаслиги тадбиркорларда бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани билдирилди.
Қўмита томонидан айрим тадбиркорлик субъеклери эътирозлари асосида ҳолат атрофлича таҳлил қилинганда:
тадбиркорлик субъектлари (дорихона) томонидан дори воситаларини фискал касса аппарати хотирасига махсус кодларни нотўғри киритишлари;
шунингдек, Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг ахборот тизимга дорихоналарни интеграция қилиш имконияти мавжуд эмаслиги;
айрим дори воситаларига нарх шаклланишида валюта курси 2020 йилда рўйхатга олинган санадаги ҳолатда қолгани ва бугунга қадар импорт қилувчи ёки дори воситасини рўйхатдан ўтказган шахслар томонидан қайта рўйхатдан ўтказилмаганлиги сабабли, валюта курсидаги тафовут инобатга олинмаганлиги каби ҳолатлар аниқланди.
Бироқ, Рақобат қўмитасига ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақида хабар келиб тушганда чакана дори воситаси савдоси билан шуғилланувчи ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумонланаётган дорихона вакили томонидан дори воситасини унга улгуржи сотувчи томонидан белгиланган нархларга риоя этилмасдан сотилгани ҳақидаги маълумотлар келтирилган тақдирда, истеъмолчига етказилган зарар улгуржи сотувчи томонидан ундирилиши, белгиланган нархларга риоя этиш талабларини бузиш эса белгиланган тартибда ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши юзасидан бир неча маротаба чиқишлар қилинди.
Мазкур ҳолатда Қўмитанинг «FAIR TECH» ягона ахборот тизимида ҳеч қандай камчиликлар ёки тушунмовчиликлар мавжуд эмас.
Бундан ташқари, Қўмита ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тадбиркорлик субъектларининг таклифларини кўриб чиқиш учун киритилган. Ўйлаймизки қисқа муддатларда вазирлик томонидан тегишли ҳаракатлар амалга оширилиб, мазкур муаммолар ўз ечимини топади.