Жаҳон амалиётида умумий қабул қилинган қоидага кўра, фуқаро авиа қатновлари агар икки томонга ташув (учиб кетиш ва қайтиш) бўйича чипта олиб, бирон-бир сабабга кўра учиб кетиш чиптасида биринчи рейсдан фойдаланмаса натижада унинг қайтиш йўналишдаги чиптаси автоматик равишда бекор қилинади.
Хусусан, “Uzbekistan Airways” АЖ ҳам айнан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 29.06.2011 йилда рўйхатдан ўтказилган 2238-сонли қоидага асосан шундай тартибда фаолият юритади.
Мисол учун, йўловчи Тошкент-Урганч-Тошкент йўналиши бўйича учиб кетиш ва қайтиши учун чипта сотиб олган. Маълум сабабларга кўра Тошкентдан бўладиган парвозга келолмаган ва ўзи Урганчга мустақил етиб борган. Ушбу ҳолатда уни Тошкентга қайтиш учун аэропортга келганида унга биринчи парвоздан фойдаланмагани учун қайтиш чиптаси бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
2-моддасига асосан, қонунчилик ҳужжатлари ушбу Қонунда белгиланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, уларни ҳимоя қилишнинг кафолатларини камайтириши мумкин эмас.
21-моддасига асосан, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Мазкур масала юзасидан Рақобат қўмитасининг тегишли кўрсатмасига асосан “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан истеъмолчиларга хайриҳохлик доирасида маҳаллий йўналишларида йўловчилар ташиш қоидаларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда ва техник имкониятлари якуний синовдан ўтказилмоқда:
⏺парвоздан ихтиёрий равишда воз кечишга қарор қилган ёки йўналишнинг биринчи қисмида рейсга чиқиш учун рўйхатдан ўтишга ўз вақтида келиш имконияти бўлмаган йўловчи авиакомпания томонидан белгиланган вақтдан кечиктирмай мазкур жамиятнинг ваколатли агентига брон қилинган ташишдан воз кечиш ёки учиш санасини ўзгартириш нияти тўғрисида хабар бериши лозим бўлади. Бундай ҳолатда йўловчининг чиптаси қайта расмийлаштирилади ёки дастлабки тўланган тариф шартларига мувофиқ қайтарилади;
⏺бирор сабабга кўра, рўйхатдан ўтиш учун келмаган йўловчи йўналишнинг биринчи участкасида, ташишни давом эттириш нияти ҳақида хабар бермаган бўлса, авиачиптани қайта расмийлаштирмасдан йўналишнинг кейинги участкаларида ташиш учун чиптадан фойдаланиши мумкин. Бунда, йўловчи йўналишнинг бошланғич участкалари учун фойдаланилмаган чипта қийматини қайтариш ёки қайта расмийлаштириш учун мурожаат қилганда, йўналишнинг бошланғич участкаси учун расмийлаштирилган фойдаланилмаган парвоз купонлари қийматининг 100 фоизи миқдорида жарима ушлаб қолинади. Тарифларни қўллаш қоидаларига мувофиқ йўловчи томонидан фойдаланилмаган йўналиш участкалари учун дастлабки авиачиптада кўрсатилган аэропорт йиғимлари ва авиакомпания йиғимлари суммалари қайтарилиши ёки қайта расмийлаштирилиши назарда тутилмоқда.
Бунинг натижасида “Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидалари”га киритилаётган ўзгартиришлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлайди.
Ушбу ўринда, Рақобат қўмитаси «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ушбу харакатларини олқишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши белгилаб қўйилган.