Рақобат қўмитасига Республика бўйлаб акциядорлик жамиятлари фаолиятида истеъмолчиларга етказилаётган зарарлар бўйича келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан.
Андижон вилояти
Фуқаро М.Х. “FUTURE OPEN TECHNOLOGY GROUP” АЖга қарашли “OPEN” муддатли тўлов иловаси орқали 1 йиллик кафолат билан кондиционер харид қилган. У 2 ойлик тўловни (670 000 сўм) олдиндан амалга оширганига қарамасдан, маҳсулот қисқа муддат ичида носоз ҳолатга келиб қолгани юзасидан норозилик билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, истеъмолчининг розилиги билан сотиб олинган носоз маҳсулот янгисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Жиззах вилояти
Фуқаро С.А. Agrobank АТБдан олинган кредит бўйича суд қарори асосида барча тўловларни амалга оширганига қарамасдан, ҳозирги вақтга қадар 12,0 млн сўмлик фоиз ҳисобланганига норозилик билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, Фуқарога ҳисобланган 12,0 млн сўмлик фоиз ва пенялардан ундириш бўйича суд қарори чиққанидан сўнг нотўғри ҳисобланган 5,7 млн сўмдан ортиқ фоиз ва пенялар қайтарилди ва мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.
Қашқадарё вилояти
Фуқаро Х.М. Anorbank АЖ тижорат банки орқали шартнома асосида кредит олган. У тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келаётганига қарамасдан, пластик картасидан 2 800 000 сўм ўрнига асоссиз равишда 6 900 000 сўм ундирилгани юзасидан норозилик билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, фуқарога банк томонидан асоссиз ундирилган 4 млн сўм маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Навоий вилояти
Фуқаро Қ.О. Ipoteka Bank АТБ томонидан ипотека кредити расмийлаштирган. У ойлик иш ҳаққини ҳар ойнинг 15–20 саналарида олишига қарамасдан, банк кредитни сўндириш муддатини ойнинг 5-санаси қилиб белгилагани сабабли муддати ўтган қарздорлик юзага келаётганини билдириб, тўлов муддатини ҳар ойнинг 25-санасига кўчириш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, хизмат кўрсатувчи банк фуқаро Қ.О. номига расмийлаштирилган кредитнинг ҳар ойлик сўндириш жадвалига ўзгартириш киритилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти
Ховос туманида истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви сифатини текшириш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида сувдан олинган намуналар натижасида Ховос туманидаги 3 та МФЙда 147 нафар истеъмолчига сифатсиз ичимлик суви етказиб берилгани ва 5 млн сўмга яқин асоссиз маблағлар олингани аниқланди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳудудий бошқарма томонидан “Сирдарё сув таъминоти” АЖга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилди ва 147 нафар истеъмолчи билан 5 млн сўмга яқин маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида мажбурий кўрсатма берилди.
Тошкент вилояти
Фуқаро “GM Motors” Ангрен шаҳар филиалидан харид қилинган янги “Сobalt” автомашинасида капот қисми алмашганлигидан норозилик билдириб, янги автомашинага алмаштириб бериш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, мурожаатчига “Uz AUTO MOTORS” АЖ компанияси дилери “LION MOTORS” МЧЖ томонидан янги “COBALT” автомашинасига алмаштириб берилишига эришилди.








