Рақобат қўмитасига реклама соҳасидаги муаммолар юзасидан фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мурожаат ва ўрганишлар ҳудудлар кесимида:
🔵Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ўрганишлар давомида «AMEDEUS 777» оилавий корхонасига тегишли авиакассаси орқали 2025 йилнинг 26 июнь ойига қадар “UMRA SAFARI” таклифномалар (визитка) орқали рекламаларини тарқатиб келаётганлиги аниқланган.
Натижада, Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонуни талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги сабабли келгусида бундай камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида «AMEDEUS 777» оилавий корхонаси раҳбари фуқаро Хужамуродова Дилором Мусурмоновнага нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.
🔵Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш натижаларига мувофиқ, махсус комиссия томонидан Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъект “Salmon lazzat” OK томонидан ноқонуний реклама ўрнатилганлиги аниқланди.
Шунга кўра, “Реклама тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартиби бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, тегишли таъсир чоралари кўрилди ҳамда келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🔵Қорақалпоғистон Республикаси
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан жорий йилнинг январь-июль ойларида “Qaraqalpaq Gilem Servis” МЧЖ, “Dawran Brand” МЧЖ, “Doctor Tupchanov Dental” МЧЖ, “Mirtimur Trade” МЧЖ, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Тўрткўл филиали, “Sunny med pharm” МЧЖ, “Islam Texno Mir” МЧЖ, “Matniyazov Makset Invest” МЧЖ, “AAR Clean” МЧЖ, “Rasulbek-Robiya” МЧЖ, “Yuldashev Kasimboy” МЧЖ, “Alpamıs Saray” МЧЖ ва “Baxtibay Nukus” МЧЖларда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги “Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 428-сонли қарорининг 10-бандига мувофиқ ўрганиш ишлари ўтказилди.
Хусусан, унда жамият томонидан жойлаштирилган рекламалар бир квадрат метрдан кўп бўлган майдонга эга эканлиги ва реклама жойининг паспортига эга эмаслиги аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан далолатнома расмийлаштирилган ва Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилди ва молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
🔵Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқарманинг ўрганишлари натижасида Қарши шаҳридаги фаолият олиб бораётган тадбиркор ЯТТ “Р.А.А” га тегишли “HAIER” номли савдо дўконининг олд қисмида “Haier dunyodagi №1 brend” мазмунидаги реклама ахбороти жойлаштирилганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан ЯТТ “Р.А.А”га нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилди ва молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
🔵Навоий вилояти
Ҳудудий бошқармага Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.Н. “Кичкина табиб” номли телеграм канал орқали реклама қилинган халқ табобати дори воситасини харид қилгани, аммо истеъмол қилгандан сўнг унга ножўя таъсир кўрсатгани сабабли тўлаган маблағлари қайтарилишида амалий ёрдам сўраб берган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Натижада мазкур канал бошқарувчиси Н.И.га мавжуд қонун талаблари тушунтирилгач, фуқарога дори воситаси учун тўланган 700 000 сўм маблағ қайтариб берилиши таъминланди.