Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳаси доирасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида халқаро эксперт Лия Граубергер иштирокида «Картелларга қарши курашда жавобгарликни юмшатиш дастурларини қўллаш амалиёти (Leniency Programme)» мавзусидаги тақдимотнинг учинчи босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур тақдимот доирасида картелларга қарши курашишда жавобгарликни юмшатиш дастурларини қўллаш амалиётида Ўзбекистон учун бошқарув принципларини ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилиб, тақдимот интерактив усулда, жумладан гуруҳларга бўлиниб ишлаш, кейсларни ўрганиш ва муаммоли вазифаларни ечимини топиш ва муҳокамалар шаклида ўтказилди.
Тақдимотда халқаро эксперт Лия Граубергер томонидан Leniency дастурининг халқаро амалиёти юзасидан батафсил маълумот берилди. Шунингдек, эксперт ва Қўмита мутахассислари ўртасида халқаро тажрибага асосан Ўзбекистон шароитида бундай дастур жорий этиш бўйича фикрлар алмашилди ҳамда тегишли амалий тавсиялар берилиб, дастурни татбиқ этиш бўйича «йўл харитаси» лойиҳаси кўриб чиқилди.
Тадбирда Қўмита марказий аппарати бошқармалари ва бўлимлари раҳбарлари, шунингдек етакчи мутахассислар иштирок этишди. Тақдимот доирасида халқаро илғор тажрибаларнинг ўрганилиши Ўзбекистонда самарали монополияга қарши тартибга солиш, хусусан картел келишувларига қарши курашиш соҳасидаги изчил ва самарали сиёсатни шакллантиришда муҳим амалий аҳамиятга эга.
Мазкур тақдимот картелларга қарши курашишнинг замонавий, шаффоф ва самарали механизмларини яратиш, шунингдек халқаро стандартлар, жумладан Халқаро Рақобат Тармоғи (ICN) ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) стандартларига мос ёндашувларни татбиқ этиш ҳамда амалий ҳаракатларни кўриб чиқиш учун хизмат қилади.
Маълумот учун: Leniency дастури — картел иштирокчиларига ўзаро келишувларни ихтиёрий равишда фош этиш эвазига жавобгарликни юмшатиш имконини берувчи механизм бўлиб, кўплаб давлатларда картелларга қарши сиёсатнинг самарали воситаси сифатида қўлланилади.








