Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитасига келиб тушган мурожаат асосида Қонликўл тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан амалга оширилган танлов савдоси ўрганилганда Буюртмачи томонидан 250 000 000 сўмлик давлат хариди бўйича ўтказилган танлаш савдоларида қонунбузилишга йўл қўйилган.
Қўмита томонидан Қонликўл тумани мазкур тиббиёт бирлашмасига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, танлаш савдосини бекор қилиш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, мансабдор шахсларга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Пахтачи тумани 1-сон политехникуми томонидан 70 млн сўмга яқин қурилиш материалларини харид қилиш бўйича ўтказилган давлат харидлари юзасидан ўрганишлар олиб борилганда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилгани аниқланди.
Натижада Махсус комиссия танлов савдоси натижасини ҳақиқий эмас деб топган ҳамда келгусида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берган. Шунингдек, мансабдор шахсларга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилди.
Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “MEGA TEX MADINABONU” МЧЖнинг Чиноз тумани тиббиёт бирлашмаси “Чиноз туман тиббиёт бирлашмасида комплекс тайёр иссиқ овқат билан таъминлаш хизмати” бўйича бошланғич нархи 1 млрд. 200 млн сўмга яқин ўтказилган танлови юзасидан ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганишларда мазкур давлат харидида рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан, савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш тақиқланиши бўйича талаблари бузилганлик ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.
Натижада Махсус комиссия томонидан Чиноз тумани тиббиёт бирлашмасига белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Шунингдек, мансабдор шахсларга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилди.
Тошкент шаҳар
Ҳудудий бошқарма томонидан “Monument Stroy” МЧЖнинг мурожаати асосида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг ўтказган бошланғич нархи 971 млн сўмдан ортиқ тендер савдосида қонунчилик талабларига риоя этилганлик ҳолати ўрганилди.
Натижада, мазкур олий таълим муассасаси томонидан ўтказилган танлов савдосида қонун талаблари бузилгани аниқланиб, ҳолат юзасидан Буюртмачига нисбатан иш қўзғатилди. Махсус комиссия томонидан тегишли қарор ва кўрсатма берилиши билан бирга, қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган мансабдор шахсларга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилди.