Рақобат қўмитаси томонидан республиканинг ҳудудлар кесимида алоқа хизматлари соҳасида истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан,
☑️ Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Фуқаро Д.Д. “Uztelecom” АКдан алоқа учун белгиланган тарифдан ортиқча ундирилган тўловларни қайтариши юзасидан мурожаат қилган.
Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар натижасида фуқаронинг телефон рақамига кўнгилочар хизматлари уланганлиги ва банк томонидан келадиган смс хабарнома мавжудлиги аниқланиб, компания томонидан абонент ҳисобига 74500 сўм қайтарилиши таъминланди.
☑️ Самарқанд вилояти мисолида
Фуқаро Ш.Ю “Uztelecom” интернет хизмат кўрсатиш компанияси интернет тармоғига обуна бўлганлиги, аммо 1 ойдан бери ишламаётганлигидан норозилик билдириб мурожаат қолдирган.
Мазкур ҳолат бўйича, ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ишлар натижасида фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, интернет тармоғига уланилиши таъминланди.
☑️ Сирдарё вилояти мисолида
Фуқаро «OQ» компаниясидан 40 000 сўмга сим карта харид қилган, аммо сим карта бошқа фуқарога расмийлаштирилгани маълум бўлиб, тўланган маблағни қайтариш учун ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ишлар натижасида, 40 000 сўм маблағ қайтарилиб берилиши таъминланди.
☑️ Сурхондарё вилояти мисолида
Фуқаро Ф.А. «Uzmobile» компанияси томонидан 01.08.2024 дан 01.07.2025гача ҳар ой “Обуна учун” номида асоссиз 20 000 сўм маблағ ечиб олинишидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилди.
Ўрганиш давомида фуқарога тегишли рақам “Mobile Optima” тариф режасига улангани ва 21.08.2024дан “Омадли баланс” пуллик хизматига тушиб қолгани аниқланди. “Unitel” МЧЖ томонидан маблағлар қайта ҳисобланиб, мурожаатчига 212 300 сўм телефон балансига қайтарилиши таъминланди.
☑️ Тошкент шаҳар мисолида
Ҳудудий бошқармага «Uztelecom” АКнинг “Марказий” филиали (Uzmobile) фаолиятига оид кўплаб истеъмолчилардан мурожаатлар келиб тушди.
Ўрганишлар давомида истеъмолчиларнинг рухсатсиз ва огоҳлантиришсиз пуллик обуна хизматлари учун асоссиз маблағлари ундирилгани аниқланиб, “Uztelecom” АКнинг “Марказий” филиали томонидан истеъмолчиларга жами 734 291 сўм маблағ қайтарилиши таъминланди.
☑️ Тошкент вилояти мисолида
Фуқаро “Humans” абоненти эканлиги ва интернет тезлигини пастлигидан фойдалана олмаётганлигини билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма олиб борган ўрганишлари натижасида, Интернет хизмати тезлиги меъёр даражасига келтирилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
☑️ Қашқадарё вилояти мисолида
Фуқаро Х.Э. Payme иловаси орқали Humans компанияси рақамига 150 000 сўм ўрнига 300 000 сўм ўтказиб юборгани сабабли ортиқча тўловни қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиш жараёнида иловадаги техник хатолик туфайли тўлов 2 марта амалга оширилгани аниқланди. “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, фуқарога ортиқча тўланган 150 000 сўм компания томонидан тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.