Рақобат қўмитаси томонидан республика ҳудудларида кесимида савдо, таълим, алоқа ва коммунал хизматлари соҳаларида истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан,
🔘Андижон вилояти мисолида
Фуқаро Т.Ф ва А.Рлар “Маркет Барака” кўчма савдо дўконидан турли хил турдаги уй-рўзғор буюмларини қўшимча тўловларсиз муддатли тўлов асосида сотиб олганлигини, бироқ кейинчалик маҳсулотларни суғуртаси учун қўшимча 600 000 сўм пул ечиб олаётганлигидан норозилигини билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ушбу мурожаат юузасидан ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, 2 та истеъмолчига хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан ортиқча олинган тўловлар 300 000 сўмдан, жами 600 000 сўм миқдорида пул маблағлари қайтарилиши таъминланди.
🔘Фарғона вилояти мисолида
Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро М.Х яшаш хонадонидаги эски турдаги газ ҳисоблагични янги ақлли ҳисоблагичга алмаштириш мақсадида сўнгги икки йил мобайнида “Ҳудудгаз Фарғона” АЖ Фарғона филиалига бир неча бор мурожаат қилган бўлсада, ҳеч қандай натижа бўлмаганлигидан норозилигини билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, “Ҳудудгаз Фарғона” АЖ Фарғона шаҳар бўлими томонидан фуқаронинг хонадонидаги эски турдаги газ ҳисоблагич замонавий электрон (ақлли) газ ҳисоблагичга алмаштириб берилиши таъминланди.
🔘Жиззах вилояти мисолида
Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.Ш. Ш.Рашидов туманидаги автомактабга ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқишга мурожаат қилиб, белгиланган 6,5 млн сўм тўловнинг 3 млн сўмини тўлаган ва 4 ой давомида ўқув машғулотларига қатнашган. Кейинчалик автомактаб фаолияти тўхтатилгани ва тўлов қайтарилмаслиги маълум қилингач, фуқаро ҳудудий бошқармага мурожаат этган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида якунланмаган ўқув машғулотлари учун тўланган 3 млн сўм пул маблағлари қайтарилиши таъминланди.
🔘Наманган вилояти мисолида
Фуқаро Р.Н. “Beeline” компанияси томонидан ортиқча маблағ ечиб олиниши ва рақами блокланишидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, “Beeline” компанияси томонидан фуқарога 70 минг сўм қайтарилиб, рақам фаоллаштирилиши таъминланди.
🔘Навоий вилояти мисолида
Кармана туманида истиқомат қилувчи фуқаро Т.А. 4,3 млн сўмга Ziffler кондиционери харид қилиб, 3 йиллик кафолатли сервисга эга бўлган. Бироқ кондиционер хонадонга ўрнатилгандан сўнг у кучли шовқин чиқарган ва фуқаро сотувчи ҳамда сервис марказига бир неча бор мурожаат қилганига қарамай муаммо ҳал этилмаганидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида “DARIAN ELEKTRONICS” МЧЖ сервис маркази томонидан фуқаро Т.А.га тегишли кондиционердаги носозлик тўлиқ бартараф этилиши таъминланди.
🔘Қашқадарё вилояти мисолида
Фуқаро Х.Ф. “Ишонч” савдо дўконидан 4 600 000 сўмга музлатгич харид қилади, аммо ҳеч қанча вақт ўтмасдан маҳсулот носоз ҳолга келиб қолади. Фуқаро мазкур масала бўйича дўкон раҳбариятига мурожаат қилган бўлсада муаммо ижобий ҳал этилмагани учун ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида мурожаатчига музлатгич учун тўланган 4 600 000 сўм маблағи тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Қўнғирот туманида истиқомат қилувчи С.А.нинг Ўзбекистон савдо дўкондан харид қилинган янги идишлар сифатсиз бўлиб чиққанлиги сабабли сарфлаган маблағларни қайтариб олишда амалий ёрдам сўраб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Қўмита томонидан мурожаатда келтирилган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида савдо дўкони томонидан 150 000 сўм пули фуқарога қайтарилиб берилиши таъминланди.