Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ижтимоий тармоқларда “Қахрамон табиб” номи билан танилган фуқаро Сиражов Кахрамон Қудратович ўзига тегишли “@ kakhramon” номли саҳифасида биологик фаол қўшимчаларини қонунчиликда белгиланган талабларга зид равишда реклама қилганлиги маълум бўлди.
Хусусан, реклама таъсирини кучайтириш мақсадида биологик фаол қўшимчаларини нотўғри таққослаш, шу жумладан биологик фаол қўшимчасининг таъсир хусусияти бўрттириб кўрсатилганлиги ҳамда умумий тавсифи тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилмаганлиги кузатилган.
📃 Ўз навбатида, биологик фаол қўшимчаси рекламасини бундай кўринишда бўлиши истеъмолчиларда улар дори воситаси ва даволаш хусусиятига эга эканлиги ҳақида тасаввурини юзага келтириши мумкин.
🔘Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 35-моддасига мувофиқ, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасига қўйилган бир қатор талаблар белгиланган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат.
🔘Улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
🔘уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
🔘уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги;
🔘соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
🔘овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
🔘вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида болалар тасвиридан фойдаланилмаслиги керак.
Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.
‼️ Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.
Юқоридаги аниқланган ҳолатлар юзасидан Қўмитанинг Махсус комиссиялари томонидан фуқаро Сиражов Қахрамон Қудратовичга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб тегишли тартибда суд органларига юборилди.








