2025 йил 20 июнь куни соат 12:00 да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов Қўмита томонидан 2025 йилнинг январь-май ойларида ўтказилган назорат харидлари юзасидан маълумот берди.
Рақобат қўмитаси томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш мақсадида тасдиқланган режа-график асосида чакана савдода товарлар назорат хариди ва уларни экспертизадан ўтказиш ишлари мунтазам равишда йўлга қўйилган.
Хусусан, 2025 йилнинг январь-майь ойларида “Сифат назорати” телекўрсатуви билан ҳамкорликда жами 432 номдаги маҳсулотларнинг
(261 та савдо номларининг) назорат харидлари амалга оширилиб, уларнинг экспертизадан ўтказиш натижаларига кўра, 67 номдаги маҳсулотлар норматив-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Ўтказилган назорат харидлари давомида 10 та номдаги ош тузи, 3 та номдаги колбаса, 4 та номдаги сут ва сут маҳсулотлари, 4 та ёқилғи (бензин) ҳамда 46 та бошқа маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз деб топилди.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналардан Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи «Salar meat Products» МЧЖнинг “Andalus doktorskaya” колбаса маҳсулоти, Навоий вилоятидаги “Кармана Krystal Salt” МЧЖнинг “Fayzli” osh tuzi, Қорақалпоғистон Республикасидаги ЯТ “Танирбергенова Жанар Абилжановна”нинг “Tap-Tatti” кондитерлик маҳсулоти ва Сурхондарё вилоятида Россиядаги корхона томонидан ишлаб чиқарилган “Begomotik BONDI” печеньеси ва Наманган вилоятидаги “Sadaf shirin mahsulotlari” ХКнинг “Sherbuloq qatiq” сут маҳсулотининг яроқлилик муддати ўтганлиги аниқланган.
Мазкур камчиликлар юзасидан Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ишлаб чиқарувчиларга нисбатан белгиланган тартибда қонуний чоралар кўриш ҳамда маҳсулотларни савдо расталаридан қайтариб олиш бўйича тегишли ваколатли органларга маълумотлар киритилди.
Хусусан, Қўмитанинг марказий аппарати томонидан электротехника маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги назорат қилиниб борилмоқда. Жумладан, савдо дўконларидан 10 та маиший техника буюмлари харид қилиниб, “UzTest” Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказига белгиланган тартибда юборилган ва мазкур маҳсулотлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларга мувофиқлиги аниқланди.
Бундан ташқари, Қўмита мутасадди ташкилот билан ҳамкорликда савдо шохобчаларида сотилаётган инсон саломатлигига тўғридан-тўғри хавф туғдирувчи яроқлилик муддати ўтган ёки кўрсатилмаган маҳсулотларни аниқлаш мақсадида ўрганишлар олиб борилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида товарларнинг ёрлиқларида истеъмолчига ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгилаб берилган.
Ўрганишлар давомида 300га яқин сут ва сут маҳсулотлари, гўшт маҳсулотлари, нон ва музқаймоқ маҳсулотлари техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат талабларига жавоб бермаганлиги аниқланди.
Мисол учун: Самарқанд вилоятида фаолият олиб борувчи “Pure Milky Works” хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган қаймоқ, сметана, кефир, йогурт, творог каби сут маҳсулотларида техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатни белгиланиши ва маҳсулот партияси сони ёзилмаган.
Наманган вилоятидаги “Lazzat” хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган “Lazzat” номли сосискалари, Тошкент вилоятидаги “Salar meat product” хусусий корхонасининг 2-навли “РАДУГА” сосискалари, 1-навли “Егерские” сосискалари ва 1-навли “Sutli extra” сосиска маҳсулотлари қадоғида ишлаб чиқариш санаси, сақлаш муддати ва маҳсулот қадоғида ишлаб чиқарилган маҳсулот партияси кўрсатилмаганлиги аниқланган.
Қўмита томонидан юқорида қайд этилган 300 та номдаги маҳсулотдаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқарувчи ва ваколатли органларга 177 та тегишли сўров хатлари чиқарилган, бундан ташқари 50га яқин корхона томонидан камчиликлар бартараф этилиши таъминланди ва бугунги кунда 131 та корхонада камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Рақобат қўмитаси томонидан мазкур йўналишда тизимли равишда ишлар давом эттирилмоқда.