Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан банк, суғурта ва савдо хизматлар борасида тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
🔘Қашқадарё вилояти
Фуқаро С.А. банк орқали автомашина кредитини расмийлаштириб, “Evro Aziya” суғурта компанияси билан суғурта шартномаси тузган. Кредит муддатидан олдин тўланганига қарамасдан, шартномага мувофиқ қайтарилиши лозим бўлган 660 000 сўм маблағ суғурта компанияси томонидан қайтарилмагани сабабли, фуқаро ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, суғурта ташкилоти томонидан фуқарога маблағлар тўлиқ шаклда қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Қорақалпоғистон Республикаси
Фуқаро Тўрткўл тумани почтаси томонидан суғурта компаниясидан жарима ҳақидаги хат ўз вақтида етказилмагани сабабли суд томонидан давлат божини тўлашга мажбур бўлганлигини билдириб, етказилган зарарни қоплаш масаласида қўмитага мурожаат қилган.
Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Қорақалпоғистон филиали томонидан фуқарога етказилган 1 500 000 сўм моддий зарар қоплаб берилиши таъминланди.
🔘Тошкент шаҳар
Фуқаро “Spine.centre.tashkent” марказининг фитнес хизмати учун тўлов қилиб, хизматдан икки маротаба фойдаланган. Хизмат маъқул келмагани сабабли фойдаланилмаган кунлар учун маблағни қайтаришни сўраган, бироқ сўрови қондирилмаганлиги сабабли ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан фуқарога фойдаланилмаган кунлари учун 1 390 000 сўм миқдорда пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Тошкент вилояти
Фуқаро TBC банкдан олинган микроқарз учун октябрь ва ноябрь тўловларини олдиндан амалга оширган бўлса ҳам, ноябрь ойи учун 1,632,000 сўм картадан ечиб олинган ва пеня ҳам ҳисоблангани учун ҳудудий бошқармага эътироз билан мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, фуқарога 1 620 000 сўм миқдорда пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.








