Рақобат қўмитаси республикамизнинг барча ҳудудларида истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида доимий равишда кенг кўламли ва тизимли ишлар олиб бормоқда.
Жумладан,
Жиззах вилояти мисолида
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Ф. Жиззах шахридаги “Зебо” савдо марказидан сотиб олган кир ювиш мошинаси бузилиб қолгани учун сервис марказига мурожаат қилиб, лекин сервис маркази ходимлари томонидан носозлик бартараф этилмаганлигидан норози бўлиб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилган.
Тошкент шаҳар мисолида
Фуқаро З.Файзулла мурожаатида 2024-йил сентябрь ойида фарзандини Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида жойлашган “Фламинго” НТМга қарашли мусиқа курсига ўқитиш учун тўловни амалга оширганлигини, бироқ фарзанди 2024-йил декабрь ойида дарс машғулотларига қатнашмаганлиги учун тўланган пул маблағларини қайтаришни сўраб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан қатнашмаган дарс машғулоти учун тўланган 500 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари фуқарога қайтариб берилиши таъминланди.
Хоразм вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага, Хоразм вилояти Хива туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Атаниязовнинг телевизорда реклама қилинган IMAAN shifo саломатлик марказининг БАД маҳсулотини харид қилганлиги аммо маҳсулот истеъмолида фуқарога ножўя таъсир қилганлиги сабабли маҳсулот пулларини қайтариб берилишини сўраб тадбиркорга бир неча бор мурожаат қилганлигига қарамасдан, тадбиркор томонидан амалий ёрдам берилмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўрганишлар жараёнида, фуқаро 1-гуруҳ ногирони эканлиги аммо маҳсулот истеъмолида фуқарога ҳеч қандай фойда бермаётганлиги тасдиғини топди. Ҳолат юзасидан IMAAN shifo саломатлик маркази томонидан фуқарога 1 700 000 сўм пул маблағи қайтариб берилиши таъминланиб, истеъмолчининг қонун билан белгилаб берилган ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Амударё туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Д. сотиб олган “BYD Song Plus Champion” русумли автомобили бузилганлиги сабабли, Хоразм вилоятидаги “BYD Ургенч” сервис марказига олиб борганида, олди қисмидаги иккита амортизатор ишламаётганлиги аниқланган ва сервис ходимлари амортизатор 2 ойдан сўнг келишини айтганлигига норозилигини билдириб, амортизаторларни алмаштириб берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат йўллаган.
Мазкур мурожаатда келтирилган ҳолат юзасидан Қўмита томонидан “BYD Ургенч” сервис маркази томонидан фуқаронинг “BYD Song Plus Champion” русумли автомобилининг олди қисмидаги жами қиймати 2 298,1 минг сўм бўлган иккита амортизатор бепул алмаштирилиб берилиши таъминланди.
Самарқанд вилояти мисолида
Фуқаро Ф.Муллажонов уй-жой сотиб олиш учун “А.Б” МЧЖ билан шартнома имзолагани, унга кўра бошланғич бадал ва тасдиқланган тўловга асосан пул маблағларини тўлаганлигини билдирган. Айрим ҳолатларни инобатга олиб, уй олиш фикридан қайтганлиги сабабли, фуқаро шартномани бекор қилиш тўғрисида “А.Б” МЧЖга мурожаат қилган, аммо мурожаат эътиборсиз қолдирилган, “А.Б” МЧЖ билан тузилган шартномани бекор қилиб, ўтказган маблағини қайтариб олиш юзасидан амалий ёрдам бериш сўралган
Ўрганиш ишлари натижасида, ҳудудий бошқарма томонидан фуқаронинг кўп қаватли уй харид қилиш учун тузилган шартномалари бекор қилиниб, тўланган жами 71 млн 200 минг сўм пул маблағлари фуқарога қайтарилиши таъминланди.
Андижон вилояти мисолида
Андижон вилоят Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи истеъмолчи С.М “IDEA” маиший техника савдо марказидан муддатли тўлов асосида “Premier” русумли Кондиционер, кир ювиш машинаси ва газ плиталарини шартнома асосида 10 йил кафолати билан харид қилганлиги ҳамда харид қилинган маҳсулотлар орасида кондиционер носоз ҳолатдалиги аниқланганлиги юзасидан уни бартараф этиш мақсадида ҳудудий бошқармага ариза қолдирган.
Ҳудудий бошқарма томонидан шартномага асосан кир ювиш машинаси таъмирлатиб берилиши таъминланди.
Тошкент вилояти мисолида
Тошкент туманида яшовчи фуқаро “IT Innovatsion technology scholl” OКдан ошхона мебели учун буюртма қилиб, буюртма учун олдиндан тўловни амалга оширганлиги аммо, корхона томонидан бошқа русумдаги, сифатсиз ва яроқсиз ошхона мебели етказиб берилган. Ҳолат юзасидан корхонанинг ходимига норозилик билдирганида, 4 кун муддатда тўғрилаб олиб келиб берамиз деб мебелларни олиб кетгандан сўнг, унга ўзгартишлар киритиш учун қўшимча 500 АҚШ доллар талаб қилаётганлигидан норозилик билдириб, маҳсулотни қайтариб, тўланган пулларини қайтарилишида амалий ёрдам сўраб Ҳудудий бошқарма мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлари натижасида, “IT Innovatsion technology scholl” OК томонидан мурожаатда келтирилган камчиликлар барчаси бартараф этилиб, фуқаронинг ошхона мебели учун тўлаган 8 700 000 сўм пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
Фарғона вилояти мисолида
Фарғона туманида яшовчи фуқаро Л.А. “Easy Booking” номли авиакассадан Наманган-Жидда йўналишида авиа чипта харид қилган бироқ самолётнинг учиш вақти ўзгарса-да истеъмолчига авиакасса томонидан ҳеч қандай маълумот берилмаган. Буни натижасида фуқаро рейсдан қолиб кетганидан норози бўлиб, Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қолдирган.
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқарога учиш авиа чиптаси бошқа кунга алмаштириб берилиши таъминланиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Қашқадарё вилояти мисолида
Касби туманида яшовчи фуқаро А.М. Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган «FAVORITE-CARS-SERVICE» MCHJ нинг фаолиятидан норози бўлиб мурожаат ёзган.
Фуқаро яхши ниятлар билан автосалон орқали Chevrolet COBALT автомашинасига 74 001 000 сўм бошланғич тўловни амалга ошириб, шартнома имзолаган. Аммо оилавий шароитида муаммолар юзага келганлиги ва моддий ёрдам зарурлиги сабабли шартномани ўз хоҳиши билан бекор қилган ва тўланган тўловни тўлиқ қайтариш бўйича автосалон раҳбариятига мурожаат қилган. Масала эса ижобий ҳал этилмаган яъни тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилмаган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига асосан истеъмолчига автомашина учун тўланган 74 001 000 сўм маблағ истеъмолчига тўлиқ қайтарилди.
Наманган вилояти мисолида
Чортоқ туманида яшовчи фуқаро “Май бокс” иловаси орқали қўл телефонига буюртма берганлигини ҳамда “Узум насия” муддатли тўлов иловаси орқали шартномани расмийлаштирилиб буюртма бўйича маҳсулот келганда буюртма қилинган ранги бошқача эканлиги сабабли, телефонни олмаслигини ва маҳсулотни қайтаришини ҳамда шартномани бекор қилиш истагини билдирганида рад этилганидан норози бўлиб, “Узум насия” билан тузилган шартномани бекор қилинишида амалий ёрдам сўраган.
Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Узум насия” ташкилоти “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунинида кўрсатилган талаблар бўйича тегишли тушунтириш ишларини олиб борилиб, мурожаатчининг масаласи ижобий ҳал қилинди.
Сирдарё вилояти мисолида
Оқолтин туманида истиқомат қилувчи фуқаро И.К. Гулистон шаҳрида жойлашган “Ишонч” савдо дўконидан бўлиб тўлаш эвазига совутгич (кондиционер) сотиб олганлигини, бироқ тўловларни шартномада кўрсатилган муддатда тўлай олмаганлиги туфайли мажбурий тартибда ундириш учун Мажбурий ижро бюроси туман бўлимига ундирувга берилганлиги ва бюро томонидан тўловлар мажбурий тартибда ундирилганлигини таъкидлаб, қўшимча равишда савдо дўкони ходимлари томонидан совутгич қайтариб олиб кетилганлигидан норозилигини билдириб мурожаат йўллаган.
Мурожаат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида, фуқаронинг маҳсулот учун тўлаган 5 млн сўм миқдоридаги маблағлари қайтариб берилиши таъминланди.
Сурхондарё вилояти мисолида
Музработ туманида яшовчи фуқаро Б.И Ангор туманидаги буюм бозоридан харид қилган 5,8 млн. сўмлик “SAMSUNG” русумли кир ювиш машинаси нуқсонли эканлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Шундан сўнг, ҳудудий бошқарма томонидан истеъмолчига бошқа худди шу русумдаги техник соз ҳолатдаги кир ювиш машинасига алмаштириб берилиши таъминланди.
Навоий вилояти мисолида
Зарафшон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро И.О. “Uzum market” савдо платформаси орқали чанг юткич воситасини бўлиб тўлаш имконияти орқали харид қилади. Чанг юткичдан фойдалана бошлагандан сўнг унда носозлик борлиги маълум бўлади. Товарни етказиб бериш пунктига қайтариб топширади ва шартномани бекор қилиб тўланган 700,0 минг сўм тўловни қайтарилиши юзасидан “Uzum market” масъулларига ариза қолдиради. Аммо қайтарилган товар учун амалга оширилган тўлов фуқарога ўз вақтида берилмагач Рақобат қўмитасининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиб чиқилиб, фуқарога чанг юткич учун тўлаган 700,0 минг сўм маблағ тўлиқлигича қайтариб берилиши таъминланди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиш аломатлари билан хизмат кўрсатувчи ташкилотларга нисбатан қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.