Ҳозирги кунда мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ташқи савдони кенгайтириш, жаҳон миқёсига жадал суръатлар билан кириб бориш, драйвер соҳаларни такомиллаштириш ҳамда соғлом рақобатни таъминлаш борасида истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилмоқда, хусусан, мазкур лойиҳаларнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга катта аҳамият берилмоқда. Шунингдек, республикамизнинг халқаро даражада ривожланган давлатлар қаторида бўлиши учун истиқболда юртимизга улкан интеллектуал ҳамда молиявий ресурслар кириб келишида муҳим омиллардан бири саналувчи, “Янги Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган энг катта мақсадлардан бири – Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) ҳамда унинг қамровидаги битимларга тўлақонли аъзо бўлиш ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 июндаги “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-85-сон Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармоннинг аҳамияти шундаки, унда айрим корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар, имтиёз ва преференцияларнинг бекор қилиниши, тенг рақобат муҳитини яратиш мақсад қилинган.
Хусусан, “O‘ZMETKOMBINAT” АЖ, “O‘ZIKKILAMCHIRANGLIMETALL” АЖ, “O‘ZTREYD” АЖ, “UZKIMYOIMPEKS” МЧЖ, “UZGASTRADE” АЖ, “O‘ZENERGOSOTISH” АЖ каби йирик корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқларининг босқичма-босқич бекор қилиниши ушбу Фармонда назарда тутилган.
Шунингдек, Жаҳон Савдо Ташкилотининг бир қатор битимлари мавжуд бўлиб, масалан, Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битимида белгиланганки, ушбу ташкилотга аъзо бўлувчи давлатда ҳам маҳаллий, ҳам хорижий тадбиркорлик фаолияти субъектларига тенг имкониятлар яратиб берилиши кераклиги, бунда экспорт ва импорт учун бир хил ва адолатли ҳуқуқий норма қўлланилиши кераклиги талаб қилинади.
Шу билан биргаликда, маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш жуда юқори бўлса, бу жараёнда ЖСТга аъзо давлатлардаги тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан тенгсизликни келтириб чиқариши мумкин.
Ўз навбатида шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда баъзи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёз ва преференциялар жорий қилинган. Мисол учун, давлат харидларида маҳаллий корхоналарга 15 фоиз, ишлаб чиқариш корхоналарига 20 фоиз нарх преференциялари қўлланилади.
Бундан ташқари, темирйўл ташишлари билан боғлиқ преференциялар ҳам бўлиб, жорий Фармонда уларни ҳам босқичма-босқич бекор қилиниши белгиланган.
Ўтган давр мобайнида, Рақобат қўмитаси томонидан 50 га яқин эксклюзив ҳуқуқлар аниқланган бўлса, мазкур Фармонда мамлакатимиз бозорининг экспорт ва импорт операцияларида катта ўринга эга йирик тармоқларига тегишли эксклюзив ҳуқуқлар ўз кучини йўқотиши назарда тутилган.
Хулоса қилиш жоизки, юқорида таъкидланган ҳолатлар Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишга туртки ҳамда давлатимизнинг ЖСТга шахдам қадамлар билан аъзо бўлиш истаги борлигини ва бу борадаги ислоҳотларнинг амалда аниқ далиллар, муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилаётганлигининг, соғлом рақобат таъминланишининг ёрқин белгиси ҳисобланади.