Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 декабрь куни тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Замон талабидан келиб чиқиб, мамлакатимизда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида таълим, банк, молия, божхона, қишлоқ хўжалиги, геология, кадастр каби соҳаларни рақамли трансформация қилиш доирасида 100 та дастурий лойиҳа ишлаб чиқилган. 500 дан зиёд янги IT компаниялари ташкил этилиб, соҳага 475 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келган.
Йил якуни билан соҳада хизматлар ҳажми 10 триллион сўм бўлиши, экспорти эса 300 миллион доллардан ошиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич Тошкент, Самарқанд, Андижон вилоятларида юқори суръатларда ўсди. Сурхондарё ҳам илк бор IT хизматлар экспортини йўлга қўйиб, 1 миллион доллардан оширди. Ҳудудларда 20 мингдан ортиқ ёшлар мустақил шуғулланиб, халқаро онлайн платформалар орқали яратган маҳсулотини четга сотган.
Йиғилишда соҳа ривожига қўшимча шароитлар яратилиши белгиланди. Унга кўра:
– IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади;
– иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилади;
– 50 дан ортиқ IT мутахассисни ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатининг 15 фоизгача қисми қоплаб берилади;
– экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.
Шунингдек, IT-паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўъба корхоналари очилади.
Умуман, шундай янги имкониятлар ҳисобига, 2024 йилда IT хизматлари ҳажмини 2 баробар ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Бунга эришиш учун, аввало, чет тили ва технологияларни биладиган кадрлар зарур. Шу боис Рақамли технологиялар вазирлигига келгуси йилда 8 минг нафар энг иқтидорли ёшларни саралаб, нуфузли халқаро компаниялар талабига мос дастур асосида ўқитиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, келгуси йилдан “Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи” лойиҳаси бошланиши, АҚШлик ҳамкорлар билан “Инклюзив рақамлаштириш” лойиҳаси доирасида 20 минг аҳоли бандлиги таъминланиши айтилди.
2026 йилда Халқаро информатика олимпиадаси илк бор мамлакатимизда ўтказилади. Бунга тайёргарлик кўриш учун танловлар ўтказилиб, салоҳиятли ўқувчиларни танлаб олинади, хориждан малакали мураббийлар жалб қилинади.
Давлатимиз раҳбари рақамлаштириш маҳалладан бошланиши кераклигини таъкидлади.
Ҳозир маҳалла тизими ходимлари планшет ва компьютер билан таъминланган. Лекин улардан тўла фойдаланилмаяпти. Масалан, ёшлар етакчисига субсидия олиш учун мурожаат қилган фуқаро ҳалигача маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ёки бандлик бўлимидан ишсизлик тўғрисида маълумотнома олиб келишга мажбур.
Шу боис мутасаддиларга “Рақамли маҳалла” ягона платформасини ишга тушириш ва “маҳалла еттилиги”ни рақамли тизимлардан фойдаланишга ўқитиш топширилди.
Йиғилишда вазирлик ва тармоқлардаги рақамлаштириш ҳолати таҳлил қилинди. Иқтисодиёт тармоқларида таннархни тушириш фақат ва фақат рақамлаштириш орқали бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Айрим вазирлик ва идораларда рақамлаштириш ишлари сустлиги қайд этилди. Масалан, “Рақамли соғлиқни сақлаш” лойиҳаси, тиббий суғуртани жорий қилиш кечикаяпти. Онкологик касалларни электрон реестри йўқлиги сабабли уларга нафақалар тўлашда қийинчилик бўлаяпти.
Қишлоқ хўжалигида пестицидлар cавдоси ва қўлланилиши бўйича рақамли назорат тизими жорий қилгани йўқ. Тошкент шаҳрида аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган “Халқ назорати” тизими ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Бу қолоқликларни тезда бартараф этиш, ҳар бир соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлиги қатъий кўрсатиб ўтилди.
– Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар – коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар, – деди Президент.
Соҳа инфратузилмаси, хусусан, интернет тезлигини яхшилаш масаласига эътибор қаратилди. Айрим ҳудудларда интернет тезлиги пастлиги, халқаро магистрал йўлларнинг 20 фоизи мобиль интернет билан қамраб олинмагани кўрсатиб ўтилди. Рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун хорижий инвестициялар жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга, киберхавфсизликни кучайтириш, барча электрон тўлов тизимлари учун бу борада ягона талабларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Умуман, IT хизматлари ҳажмини 20 триллион сўмга, экспортни 800 миллион долларга етказиш, тармоқларда 130 та ахборот тизимини жорий қилиш ва 750 та давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги режаларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги долзарб масалалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар ва ёш дастурчилар билан мулоқот қилди.