Қўмита томонидан мамлакатимизда рақобат муҳитини янада ривожлантириш,
иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
МАЪЛУМОТНОМА
Қўмита томонидан мазкур йўналишда бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Жумладан:
- Иқтисодиёт соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва амалдаги ҳужжатларни рақобат муҳитига таъсирни баҳолаш бўйича
Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига кўра— товар ва молия бозорларидаги рақобат масалаларига доир лойиҳаларни Қўмита билан мажбурий тартибда келишилиши лозимлиги белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги ПФ-6019-сон Фармонига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобатга салбий таъсирини камайтириш белгиланган бўлиб, Қўмита томонидан доимий равишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таъсирини “ex-ante” ва “ex-post” тамойили асосида баҳоланиб келинмоқда.
Жумладан,
- Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 2022 йилда regulation.gov.uz
ва project.gov.uz портали орқали республика бўйича келиб тушган жами
2607 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари (ex-ante) рақобат муҳитига таъсири юзасидан ўрганилиб, Қўмитанинг тегишли хулосалари берилган, шундан, 248 та (10 %) лойиҳаларда монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид нормалар белгиланиши назарда тутилаётганлиги аниқланган.
Мисол учун:
“Ўзавтосаноат” АЖ томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатда автомобил ишлаб чиқариш қувватларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида, ушбу қарорда назарда тутилган лойиҳалар доирасида “Ўзавто Моторс” АЖ ва маҳаллийлаштириш корхоналари томонидан асбоб-ускуналарни тендер ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаш орқали харид қилишни назарда тутилган.
Юқоридаги нормалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 7 июлдаги ПФ-6257-сон Фармони, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари талабларига зидлиги сабабли, Қўмита томонидан лойиҳа рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин деб баҳоланди ва Қўмитанинг тегишли хулосаси “Ўзавтосаноат” АЖга юборилди.
Ҳудди шундай, 2022 йилда ҳудудий бошқармаларга вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда давлат бошқарув органларининг ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари томонидан 2156 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари киритилган бўлиб, 27 та ҳолатда рақобатга зид нормалар мавжудлиги юзасидан тегишли хулосалар берилган.
- Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат бошқарув органлари томонидан қабул қилинган 132 049 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни
(ex-post) рақобат тўғрисидаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги хатловдан ўтказилди.
Хатлов натижаси билан 521 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, бунинг натижасида 76 та маҳаллий давлат ҳокимияти органларига
ҳамда 9 та давлат органларининг ҳудудий бошқармаларига нисбатан (жами 85 та) ишлар қўзғатилиб юритувга олинди ва натижада 100 дан ортиқ ҳужжатлар (қарор, фармойиш ва баёнлар) бекор қилинди.
- Иқтисодиётда давлат иштирокини янада камайтириш ҳамда имтиёз ва преференцияларнинг самарадорлигини ошириш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳақида.
Имтиёз ва преференцияларнинг самарадорлигини ошириш йўналишида олиб борилаётган ишлар
- Имтиёз ва преференциялар берилишининг таҳлили
Қўмита томонидан тизимли равишда имтиёз ва преференциялар берилиши таҳлил қилиб борилади.
Амалдаги қонунчиликда имтиёз ва преференциялар беришнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича аниқ ва шаффоф механизмлар келтирилмаган (кўпчилик давлатларда давлат томонидан имтиёз ва преференциялар кўринишида бериладиган кўмак қонунчилик билан тартибга солинади, биринчи навбатда рақобат тўғрисидаги қонунчилик доирасида).
Маълумот учун, охирги икки йилда 90 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларга манзилли солиқ ва божхона имтиёзи ва преференциялари тақдим этилган бўлиб, уларнинг сони бозордаги хўжалик юритувчи субъектларнинг умумий сонининг атиги 18 фоизини ташкил этади. Имтиёз ва преференцияларнинг умумий суммаси эса 6 млрд. долл эквивалентида, шундан 4,6 млрд.долл солиқ имтиёзлари ташкил этади, бунда имтиёзларнинг 50 фоизидан ортиғи давлат иштирокидаги йирик корхоналарга берилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда амалдаги қонунчилик билан тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ имтиёзлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6 фоизни ташкил этиб, айрим хорижий давлатларга нисбатан 1,5-2 баробарга юқори бўлиб қолмоқда.
Хусусан хорижий давлатлар тажрибасини ўрганилганда Жанубий Кореяда 2,7 фоизни, Испанияда 3 фоизни, Туркияда эса ушбу кўрсаткич
4 фоизни ташкил этаганини кўриш мумкин.
Сўнгги икки йилда 90 мингдан ортиқ субъектлар 51 трлн.сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.
Корхоналар кесимида таҳлил қилинганда, солиқ имтиёзларининг
59 фоизи йирик солиқ тўловчиларга тўғри келмоқда, солиқ турлари кесимида таҳлил қилинганда эса имтиёзларининг асосий қисми қўшилган қиймат солиғига тўғри келмоқда (ўртача ҳисобда 82 фоиз).
Амалдаги солиқ имтиёзлари жами 350 дан ортиқ норматив- ҳуқуқий ҳужжатларда бўлиб 50,3 мингта корхоналарга берилиши мўлжалланган, бу эса жами иқтисодиётда фаолият юритаётган хўжалик юртувчи субъектларнинг 9 фоизини ташкил этмоқда.
- Имтиёз ва преференцияларни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ex-post тарзда рақобатга таъсирини баҳолаш ва бекор қилиш.
Қўмита томонидан тегишли вазирлик ва идорлар билан биргаликда иқтисодиётнинг жами 43 та йўналиш бўйича тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш ёки барчага тенг шароитда тақдим этиш бўйича таклифлар тайёрланди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ–101-сон Фармонида инобатга олинди. Хусусан:
а) 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, “Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари” уюшмасига аъзоларигагина тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзлари ушбу 4 та бозордаги барча иштирокчиларга тақдим этилиши белгиланди.
б) 21 та норматив ҳуқуқий хужжат билан тақдим этилган айрим солиқ ва божхона имтиёзлари бугунги кунда рақобат муҳити ривожланганлиги ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёж бўлмаганлиги боис 2022 йил
1 июлдан бекор қилинди.
в) 18 та норматив ҳуқуқий хужжат билан тақдим этилган айрим солиқ ва божхона имтиёзлари 2023 йил 1 январдан бекор қилинди.
- Имтиёз ва преференцияларни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ex-ante тарзда рақобатга таъсирини баҳолаш.
2020-2022 йиллар давомида Қўмитага томонидан вазирлик ва идоралар томонидан киритилган 947 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари рақобат муҳитига таъсири юзасидан баҳолашдан ўтказилган бўлса, шундан 329 таси ёки 35 фоизида муайян бозор иштирокчиларга турли имтиёз ва преференциялар беришни назарда тутувчи ва рақобатни чекловчи нормалар мавжудлиги аниқланган ва Қўмитанинг ушбу лойиҳаларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан хулосалари берилган.
- Рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш
Қўмита 2022-2023 йилларда жами 25 та товар ва хизматлар бозорларида рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи муайян бозор иштирокчиларига берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Мазкур таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ–101-сон Фармони қабул қилинди ва унда юқоридаги 13 та товар ва хизматлар бозорларида тадбиркорлар киришини эркинлаштириш ҳамда мавжуд эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиниши белгиланди.
Шундан бугунги кунда 8 та фаолият тури бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди қолган 5 тасини бекор қилиш бўйича тегишли масъул органлар томонидан Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари киритилган.
Шу билан бирга, Қўмита томонидан 2023 йилда иқтисодиётнинг 12 та соҳаларида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни тугатиш, шунингдек бўйича хусусий секторни кенг жалб қилиш юзасидан навбатдаги амалий чора-тадбирларни белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу эксклюзив ҳуқуқларни бекор килиш оркали тегишли йўналишдаги бошқа тадбиркорлик субъектларига кенг имконият яратилади.