Теҳрон шаҳридаги “Саадобод” мажмуасининг “Жумҳури” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Эрон Президентига ушбу мамлакатга ташриф билан келиш таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Икки томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни янада кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратишлари таъкидланди.
Президентлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Марказий Осиёни Эрон билан боғловчи энг қисқа транспорт-логистика йўлакларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Энергетика, кимё саноати, фармацевтика ва тиббиёт технологиялари, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, саноат қурилиш материаллари, машинасозлик, ускунасозлик ва электротехника тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чоралари кўриб чиқилди.
Аграр йўналишда иссиқхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, боғдорчилик ва балиқчиликда, қурғоқчиликка чидамли экин турларини селекция қилишда тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Томонлар маданий, илмий-инновациявий алоқаларни кенгайтиришга интилишини қайд этдилар. Икки мамлакат ҳукуматлари ишбилармонлар ва олимлар ўртасидаги мулоқотларни ривожлантиришга кўмаклашиши таъкидланди.
Халқаро терроризм, наркотрафик, кибертеррорчилик, одам савдоси каби глобал хавф ва таҳдидларга қарши курашишда томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбарлари Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Турли халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.