Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташрифини якунлади ва Тошкентга жўнаб кетди.
Аэропортда олий мартабали меҳмонни Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашувларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда ва бошқа устувор йўналишларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов билан музокара ўтказди.
Ташриф арафасида ва давомида қатор муҳим тадбирлар, жумладан, ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг тўртинчи йиғилиши, Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорларининг ҳудудлараро конференцияси, учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми, Бутунроссия кўрагазма марказида “Ўзбекистон” павильонининг очилиши, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссия кичик комиссияларининг йиғилишлари ва бошқалар бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Россия ва Қозоғистон Президентлари билан бирга Россиядан мамлакатимизга газ етказишни бошлаш маросимида иштирок этди.