26 февраль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни қутлуғ 70 ёшга тўлгани билан дилдан қутлади.
Давлатимиз раҳбари Туркия етакчисига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, биродар турк халқи ва давлатининг равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
Замонавий Туркиянинг барпо этилишида, глобал майдондаги нуфузи юксалишида, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларидаги бугунги юқори даражага эришилишида Президент Режеп Эрдоғаннинг ўрни ва ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани катта мамнуният билан таъкидланди.
Ўтган йил якунида қўшма корхона ва лойиҳалар сони сезиларли даражада – 365 тага ортди, Туркиянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан инвестициялар портфели кенгайди. Икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳам, тегишли равишда ўзаро сайёҳлар оқими ҳам кўпайди.
Давлат раҳбарлари олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шу муносабат билан Ўзбекистон-Туркия Ҳукуматлараро комиссияси доирасида олиб борилаётган ишларни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.