Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти бўйича вазирларнинг иккинчи учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамовни қабул қилди.
Учрашув аввалида вазир давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликнинг 10 та янги йўналиши бўйича истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага чиққани, амалий мазмун билан бойигани мамнуният ила қайд этилди.
Ўтган йилда товар айирбошлаш 27 фоизга ошди. Автомобилсозлик, электротехника, энергетика, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қўшма инвестиция фонди ўз фаолиятини бошлади.
Бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.