Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни Миср Араб Республикаси Сенати раиси Абдулваҳоб Абдулрозиқ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Сенат раиси Ўзбекистон етакчисига Миср Президенти Абддулфаттоҳ ас-Сисининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражадаги мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда. Мисрнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда геология, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва туризм соҳаларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Парламентлараро алоқаларни янада фаол ривожлантириш, қонун чиқарувчи органларда дўстлик гуруҳларини тузиш, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва имкониятларини кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро тузилмалар, жумладан, Парламентлараро иттифоқ, Қўшилмаслик ҳаракати ва Араб парламенти доирасида амалий ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.