Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида шайх Мансур Ол Наҳаён давлатимиз раҳбарини таваллуд айёми билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар тилади. Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон-БАА муносабатлари юксак даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми жадал суръатда ортиб бормоқда, қўшма корхоналар кўпаймоқда. Амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари портфели 4 миллиард доллардан ошди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш, уларни, энг аввало, иқтисодиёт ва инвестиция соҳалари бўйича янги, амалий мазмун билан бойитиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу маънода, аниқ таклифлар ва истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун яқин кунларда икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашувларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.