Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 23-24 ноябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Давлатимиз раҳбари Боку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этади.
Тадбир кун тартибидан дастур доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Мақсадли фонд ташкил этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш учун “йўл харитаси”ни қабул қилиш, ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш ва бошқа масалалар ўрин олган.
СПЕКА дастури минтақа мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда уларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида 1998 йил 26 март куни Тошкент декларациясига мувофиқ таъсис этилган. Иштирокчи давлатлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон.
Шу кунларда Боку шаҳрида СПЕКАнинг қатор ишбилармонлик тадбирлари, шу жумладан иқтисодий форум ва Марказий Осиё мамлакатларининг саноат салоҳияти кўргазмаси ўтмоқда.