Жиззах вилояти Ғаллаoрол туманида истиқомат қилувчи Л.А.нинг “HUMANS” МЧЖ хизматидан норозилик билдириб қилган мурожаати Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Фуқаро 2023 йилнинг 23 ноябрида телевизор учун буюртма берганлиги, бироқ телевизор вақтида етказиб берилмаганлигидан норози бўлиб, Рақобат қўмитасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қолдирган.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни
4-моддасида, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, истеъмолчилар товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи ( ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб берилган.
Ўрганишлар давомида, истеъмолчи “HUMANS” мобил иловаси орқали ўзига тегишли бўлган рақамида йиғилган 5 млн 92 минг сўмлик кешбек ҳисобига телевизор харид қилиш учун юқоридаги илова орқали “HUMANS” МЧЖга буюртма берганлиги, аммо шартномада белгиланган 21 иш кунлик муддатда товар етказиб берилмаганлиги аниқланган. Ушбу алоқа компанияси ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартнома шартлари “HUMANS” МЧЖ томонидан белгиланган муддатда бажарилмагани аниқланди.
Шунингдек, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар уларни қўлланилиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги белгилаб берилган.
Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарма томонидан “HUMANS” МЧЖ “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19, 21 ва 27-моддаларига зид равишда иш тутган деб топилиб, корхона маъмуриятига мавжуд тартиб-қоидалар ва уларнинг натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар ҳақида тушунтиришлар берилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, “HUMANS” МЧЖдан фуқаро фойдасига “ARTEL 4K” телевизори етказиб берилиши таъминланди.