Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 январь куни мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Қўшинларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги, бошқарув органлари, бирлашмалар, қўшилма ва қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини ошириш бўйича бажарилган ишлар юзасидан мудофаа вазирининг ҳисоботи тингланди.
2016 йилдан бошлаб миллий армиямизни ислоҳ қилиш, Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмасини ва дислокация тизимини такомиллаштириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техника намуналари билан жиҳозлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги ва шайлиги, касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ўтган даврда бўлинмаларнинг техник ва захира таъминоти тизими тубдан қайта кўриб чиқилди, аутсорсинг хизматлари ва ҳарбий кластерлар тизими жорий қилинди. Мудофаа саноати мажмуаси корхоналари фаол ривожлантирилмоқда, айрим турдаги қурол-яроғ ва техника турларини ишлаб чиқариш ва модернизация қилишни маҳалллийлаштириш бошланди.
Ҳисобот даврида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳаллаларда 24 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди, “Жасорат мактаблари”даги ўқув йиғинларига 5 минг нафардан зиёд ёшлар жалб қилинди.
Ҳарбий шаҳарчаларда “темир дафтар”га кирган оилаларнинг фарзандлари учун фан, спорт ва санъат турлари бўйича тўгарак ва секциялар ташкил этиш, уларни бригада командирлари ва ҳарбий округ қўмондонларига бириктириш амалиёти йўлга қўйилди.
Жами 580 дан ортиқ тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказилди, уларда Қуролли Кучларнинг 35 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари иштирок этди.
Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида қўшинларнинг жанговар тайёргарлик самарадорлиги, ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, жанговар руҳи ва психологик шайлиги сезиларли даражада ошди.
Ҳарбий олий таълим муассасалари фаолиятида ҳарбий кадрларни илғор технологиялар асосида тайёрлаш бўйича янги тизим жорий қилинди.
Бундан ташқари, ҳарбий соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қўшинларни бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари босқичма-босқич жорий этилмоқда, алоқа тизимлари такомиллаштирилмоқда.
Йиғилишда миллий армияни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк билан таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуини такомиллаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
14 январь куни нишонланадиган Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирларини юксак савияда тайёрлаш ва ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари томонидан Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтириш бўйича қатор топшириқлар берилди.