Сўнгги йилларда яхши бир анъанага гувоҳ бўляпмиз. Яъни янги йил бошланишидан аввал Президент Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга мурожаатномаси эълон қилинади. Ушбу мурожаатномада тугаётган йил сарҳисоби, асосийси келгуси йилда режалаштирилаётган масалалар, соҳалар ривожи ҳақидаги режалар эълон қилинади. Шу боис ҳам ушбу мурожаатномани кўпчилик интиқ кутишади.
Куни кеча бўлиб ўтган Мурожаатномада Президентимиз 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф қилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”. Барча ривожланишларнинг асоси таълимдан бошланади.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбарининг “Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Албатта, чет тилини билиш-замон талаби. Аммо она тилини билишни мажбур қилиш керак”, деган сўзлари биз – давлат тили бўйича раҳбар маслаҳатчиларини ҳаяжонга солган энг муҳим сўзлар бўлди.
Сўнги йилларда давлат тилининг нуфузини ошириш учун бир қанча Фармонлар ва Қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сонли қарори ижроси юзасидан бугунги кунга келиб деярли барча вазирлик ва идораларда иш юритиш лотин алифбосида ташкил этилмоқда. Қолган ташкилотлар ҳам 2023 йилгача лотин алифбосига ўтиши режалаштирилган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, 2022 йилда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, Мазкур Қонун жорий йилнинг 7 июнь санасида қабул қилинди. Ушбу янги таҳрирдаги Қонунда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рекламани тарқатиш (жойлаштириш) тилига оид алоҳида нормалар киритилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилиши ва қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкин.
Қонун ижроси юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ташқи реклама ва ахборот объектларидаги (конструкцияларидаги) рекламаларнинг давлат тилида бўлишини таъминлаш, ташқи ёзув ва бошқа ахборот матнларининг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар ўтказилган.
Хусусан, республика ҳудудларида жойлаштирилган жами 39 215 та ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) хатловдан ўтказилди.
Хатлов давомида, 11 555 та ташқи реклама ва ахборот объектларида (конструкцияларида) жойлаштирилган рекламаларда турли камчиликлар аниқланган. Шундан 9 139 та ҳолатда ташқи реклама объектлари орқали жойлаштирилган рекламанинг матни бошқа тилларда (асосан рус тилида) берилганлиги кузатилди.
Шунингдек, 2 416 та реклама воситалари орқали жойлаштирилган реклама ва эълонлар матни имловий ва луғавий хатолар билан берилганлиги аниқланди.
Шу ўринда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида, тадбиркорлик субъектларига, реклама тарқатувчиларга тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, уларга ташқи реклама орқали жойлаштирилган реклама матни давлат тилида бўлишини таъминлаш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Муҳтарам Президентимиз айтганидек: “Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”. Уни асраб-авайлаш, ривожлантиришга ҳар биримиз масъулмиз.
ҚОДИРОВА Гўзал Тошкенбоевна
Монополияга қарши курашиш қўмитаси
раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини
таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси