МАНИПУЛЯЦИЯ ҲАРАКАТЛАРИНИ СОДИР ЭТГАНЛИГИ УЧУН “JR COTTON” ва “BUXORO OMUXTA” МЧЖларга НИСБАТАН ТЕГИШЛИ ТАЪСИР ЧОРАЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛДИ
Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи кластерлар томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларни сунъий ошишининг олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда.
Қўмитанинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинглар натижасида “JR COTTON” ва “BUXORO OMUXTA” МЧЖлар томонидан жорий йилнинг январ – май ойларида юқори ликвидли товар маҳсулотларини биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмасдан тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиб юборилганлик ҳолатлари аниқланди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 29-моддасида “Биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан, савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш;
фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш таъқиқланади деб кўрсатилган.»
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “JR COTTON” ва “BUXORO OMUXTA” МЧЖларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








