Малака оширишда янги босқич: Марказ томонидан тизимли ўқув курслари ташкил этилмоқда
Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан давлат органлари, тижорат банклари, фармацевтика ташкилотлари ва хўжалик юритувчи субъектлар ходимлари учун ташкил этилган қатор амалий ўқув курслари муваффақиятли якунланди.
Микрокредитбанк ходимлари учун ўтказилган махсус курсда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун, давлат харидлари жараёнидаги рақобат қоидалари, тендерда инсофсиз рақобат ва картел келишувларни аниқлаш механизмлари бўйича амалий билим ва кўникмалар берилди.
Давлат ва хўжалик субъектлари вакиллари учун ташкил этилган курсда монополияга қарши комплаенс, рақамли платформаларда бозор ҳукмронлигини таҳлил қилиш, биржа савдоларида манипуляция ҳолатларини аниқлаш каби замонавий йўналишлар қамраб олинди.
Фармацевтика соҳаси учун махсус курсда дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилишда лицензия талаблари, референт нарх шакллантириш, “Реклама тўғрисида”ги Қонун талаблари ва “FAIR TECH” ахборот тизимида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари муҳокама этилди.
Барча курслар Қўмита мутахассислари, олий таълим муассасалари олимлари ва соҳадаги етакчи экспертлар иштирокида юқори савияда ташкил этилди.
Курслар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Рақобат сиёсатини амалиётга жорий этиш, соҳавий билимларни янгилаш ва малака оширишга қаратилган бундай курслар Марказ томонидан тизимли равишда ташкил этилмоқда.