Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида бу соҳада катта ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.
Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошди.
Жумладан, чет тили, ахборот технологиялари, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилди. Натижада 6 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 23 мингга етди, 10 миллион сўмдан юқори ойлик олувчилар 1 мингдан ошди.
Мактаблар юкламасини камайтириш мақсадида 700 минг ўқувчи ўрни яратилди. Бу – аввалги йилларга нисбатан 15 баравар кўп. Олий таълимда ҳам қамров 4 баробар оширилиб, ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилди.
Шу билан бирга, мактаб таълими соҳасида долзарб масалалар ҳали кўп.
Бугунги кунда бошланғич синфларда 11 та, юқори синфларда 16 та фан ўтилади. Лекин ўқувчилар аниқ бир йўналишда чуқур билимга эга бўлмай, мактабни битираяпти.
Ўтган йили 220 минг муаллимдан 86 минг нафари ёки 37 фоизининг билим ва кўникмаси “қониқарсиз” баҳоланган. Бу ҳол, айниқса, ҳозир талаб юқори бўлган информатика, инглиз тили, физика, математика ва кимё фани ўқитувчиларида бўлгани ташвишли.
Охирги олти ярим йилда юртимизда 320 минг хонадонли янги уй-жойлар барпо этилган. Лекин уларга мос қувватда мактаблар қурилмаган. Янги массив ва маҳаллаларда ҳозирнинг ўзида 350 минг ўринли мактабларга талаб бор. Мавжуд мактаблар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар кўп.
Сўнгги йилларда 70 минг ўринли 350 та хусусий мактаб ташкил этилган. Аммо кўплаб вилоятларда бу борадаги ишлар етарли эмас.
Шу каби таҳлилларни қайд этар экан, давлатимиз раҳбари мактабларни ҳам мазмун, ҳам шароит жиҳатидан яхшилаш бўйича янги ташаббусларни билдирди.
Аввало, таълим сифатини ошириш мақсадида республика бўйича 500 та мактабда Президент мактаби ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури ҳамда баҳолаш тизими жорий этилади. Бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилади. Келгуси беш йилда ушбу тизим барча мактабларда жорий қилинади.
Бу йил мактабларда дарс бериш учун хориждан 500 нафар “тил эгалари” таклиф этилган. Кейинги йилларда улар яна кўпаяди. Шу боис ҳокимликларга чет эллик ўқитувчиларнинг уй-жой масаласини ҳал қилиш топширилди.
Юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқаради. Бунда, 10-11 синф ўқувчиларига “кимё – биология”, “математика – физика”, “математика – чет тили”, “она тили ва адабиёт – чет тили” фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади.
Касб-ҳунар эгалаш истагидаги ўқувчиларга эса, мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиш имконияти яратилади. Келгуси ўқув йилидан камида 1 мингта мактаб шу тизимга ўтказилади.
Дарсларнинг мазмуни ҳам ўзгаради. 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилади.
Энг муҳими, ўқув дастурларига қўшимча янги фанларни киритиш тақиқланади. Энди барча янги таклифлар мавжуд фанларга интеграция қилиниб тайёрланади.
Президент ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Унга кўра, ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими тўлиқ ўзгартирилади. Жумладан, ўқитувчиликка қабул қилиш танлов асосида бўлади. Илк бор келган номзодларга 1 йил ўқитувчи-стажёр бўлиб ишлаш ва йил якуни билан касбий сертификат олиш талаби қўйилади. Кейинчалик бу тизим барча ўқитувчилар учун босқичма-босқич жорий қилинади.
Ўқитувчилар малакаси ҳам табақалашган ҳолда оширилади. Яъни, малака оширишдан олдин ўқитувчининг билими “диагностикадан ўтказилади” ва натижасига кўра индивидуал касбий ривожланиш йўналишлари белгиланади. Паст натижа олганлар бўйича ўзи ўқиган олийгоҳга рекламация юборилади. Яъни, бу педагогик олийгоҳлар фаолиятига учун ҳам баҳо бўлади.
Шу боис ҳудудий малака ошириш марказлари фаолиятини танқидий ўрганиш, уларни таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди.
Муаллимларга малака тоифасини бериш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда педагогнинг билими дастлабки имтиҳонда баҳоланиб, 70 фоиздан кўп балл тўплаганлар иккинчи босқичга ўтади. Иккинчи босқичда илғор педагогик технологияларни қўллаши, ўқувчилар билан ишлаш методикаси ва баҳолашдаги ёндашувлари текширилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ушбу тажрибани ўқитувчиларнинг билим даражаси паст бўлган 20 та туманда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.
Педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларини алоҳида ёндашув асосида ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, Тошкент ва Чирчиқдаги Педагогика университетларида мутахассислар Президент мактаби дастури асосида тайёрланади. Бу муассасалар педагогика йўналишидаги институтлар учун “таянч олийгоҳ” бўлади.
Келгуси ўқув йилидан кадрлар етишмайдиган, оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилинади.
Мактаб таълимида бошқарув тизими ҳам ўзгартирилади. Энди директорликка номзодлар фақат сертификати бор ва захирага киритилган кадрлар орасидан танланади ва муддатли шартнома асосида ишга олинади. Директорлар ва унинг ўринбосарлари ҳар беш йилда бир марта сертификациядан ўтади.
Соҳадаги яна бир долзарб масала – ўқувчи ўрнини кўпайтириш.
Келгуси йилда Инвестиция дастури доирасида мактаб қурилишига 3 триллион сўм ажратилиши назарда тутилган. Бунинг ҳисобига 150 минг янги ўқувчи ўрни яратилади.
Кам қувватда ишлаётган 61 та коллеж биносида мактаблар ташкил қилинади. Хусусий шериклик асосида 50 та мактаб қурилади.
Хусусий секторга қўшимча шароитлар яратиш орқали йилига камида 25 минг ўқувчи ўрни очилади. Бунинг учун, тадбиркорларга хусусий мактаб ташкил қилиш учун кредитнинг 7 фоиз қисми бюджетдан қоплаб берилади. Янги мактаб қуриш учун ер майдонлари мақсадли аукционга чиқарилади.
Умуман, бу ишлар орқали келгуси йилнинг ўзида 250 минг ёки ўтган йилга нисбатан 2 карра кўп ўқувчи ўрни яратилиши таъкидланди.
Мутасаддиларга ушбу чора-тадбирларни молиялаштириш, мактаблар қуриш ва жиҳозлаш, муассасаларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.
Битирувчиларнинг бандлиги масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу йил 387 минг нафар ўқувчи мактабни тамомлаган. Шундан 138 мингтаси олий таълимга ўқишга кирган.
Давлатимиз раҳбари қолган битирувчиларни профессионал таълим билан қамраб олиш, ёшларни кам харажат қилиб, кўп даромад оладиган замонавий касбларга ўргатиш муҳимлигини таъкидлади. Ўқувчилар билан манзилли ишлаш, бунда ҳоким, мактаб директори ва ота-оналарнинг масъулиятини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.
Маълумки, бундан уч йил олдин 15 ёшгача бўлган болаларга йод, витаминлар ва гижжага қарши дорилар тарқатиш амалиёти жорий қилинган эди. Натижада болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига таъсир кўрсатадиган қалқонсимон без касалликлари камаймоқда. Шу боис ўқувчиларга йод препаратларини бепул тарқатишни давом эттириш, аҳоли орасида йод истеъмолининг фойдали хусусиятларини кенг тарғиб қилиш зарурлиги айтилди.
Йиғилишда Президент барча ўқитувчилар, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилди.
– Азиз устозлар, мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларимизни амалга оширишда мен сизларни ўзимнинг энг яқин ёрдамчим, деб биламан. Мактаб таълимини янада яхшилаш бўйича қабул қилаётган чора-тадбирларимизнинг пировард натижаси аввало сизларга, сизларнинг фидокорона меҳнатингизга боғлиқ.
Мен сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонларни кўраман. Бугун сизлар таълим-тарбия бераётган, қалбини, онгини эзгулик билан тўлдираётган миллионлаб фарзандларимиз эртага Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлиб бизнинг сафимизга киради. Ватанимиз, халқимиз сизларнинг бундай олижаноб хизматларингизни ҳеч қачон унутмайди. Ўқитувчилик касбини эъзозлаш, унинг меҳнатини қадрлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Янгиланган Конституциямизда ўқитувчи мақомини мустаҳкамлаб қўйдик. Келгусида шу асосда, албатта, кўп ишларни амалга оширамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда белгиланган вазифалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар ва бошқа масъуллар ахборот берди.