Ижтимоий тармоқ орқали “Тошкент шаҳридаги “Poytaxt” va “Atlas” савдо марказларида жойлашган “Vitacci” бренд остидаги савдо дўконларида аҳолига сифатсиз товар сотилаётганлиги ва улар қайтариб олинмаётганлиги” мавзуида мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “Vitacci” савдо белгиси остида фаолият юритилаётган тадбиркорлик субъектини жалб қилган ҳолда ўрганилди.
Хусусан, Vitacci савдо белгисининг Ўзбекистондаги расмий вакили ҳисобланиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ва меъёрий ҳужжатларига риоя қилган ҳолда ўз савдо фаолиятини олиб бораётгани ва аҳолига маҳсулотлар етказиб бераётган савдо дўконларидан бири ҳисобланади. Дўкон масъул ходими томонидан харидорларга товарнинг махсус фойдаланиш йўриқномаси тақдим этилиши ва 90 кун муддатга кафолат ва таъмирлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олгани, мижозларнинг эътирозларига масъулият билан қарашлари қатъий йўлга қўйилгани билдирилди.
Ўрганиш натижасида мурожаат эгаси алоқага чиқиш учун ўз маълумотларини қолдирган бўлса-да, ўтган вақт оралиғида умуман алоқага чиқмагани маълум бўлди. “Vitacci” бренд остидаги савдо дўкони истеъмолчи маҳсулотни харид қилинган кундан 90 кун мобайнида мурожаат қилган тақдирда меъёрий ҳужжатларда кўрсатилган тартибда масалани ўрганиб чиқиб, муаммо ўрнатилган тартибда дўкон томонидан бартараф этилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг қуйидаги ҳуқуқлари белгилаб берилгшан:
Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.