Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар сингари давлат бошқаруви ва инсон ресурсларини ривожлантиришга оид қатор вазифалар белгилаб берилди. Мурожаатномада коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйиш экани таъкидланди. Хабарингиз бор, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш доимий равишда ташкиллаштирилмоқда. Шу мақсадда Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали —vacancy.argos.uz фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни муносиб кадрлар билан тўлдириш учун “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатиб келмоқда. 2021 йил 1 январдан бошлаб республиканинг барча давлат органлари, ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиб келинмоқда. Давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва кадрларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаш, улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилиши белгилаб қўйилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан кадрларни ишга олиш масаласида доимий ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Ушбу ҳамкорликнинг самараси ўлароқ, Қўмитада ўтказилган очиқ танловлар орқали 2021 йил давомида жами 29 нафар ходим ишга олинган. Шулардан, 27 нафари эркаклар ва 2 нафари аёллардир. 12 нафари 30 ёшгача бўлганлар, биринчи маротаба давлат фуқаролик хизматига кирганлар эса 4 нафарни ташкил этди. Ўз тизимидаги танлов ғолиблари 10 нафар, бошқа тизимдан танлов ғолиблари 19 нафарни ташкил этди. Очиқ мустақил танловлар ўтказилиши давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишига, давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант ўринларни малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминлашга олиб келади. Қўмита томонидан бугунги кунда ҳам бўш иш ўринларига танловлар эълон қилинган бўлиб, танлов босқичлари давом этиб келмоқда. Тест жараёнида иштирок этаётган номзодлар бу жараёнлар нечоғлик шаффоф ва ошкоралик билан бўлаётганлигини гувоҳи бўлдилар.
Ҳар қандай давлат, ташкилот ёки корхона ўз келажагини, аввало, салоҳиятли кадрлар билан белгилайди. Бошқарувда кадрларнинг малакаси ва хулқ-атворига кўра тўғри танланиши ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ютуқларини, шу билан биргаликда мавқеини оширишда асосий омил ҳисобланади.
Марралар қанчалик баланд олинмасин, ислоҳотлар нечоғли истиқболли бўлмасин, ватанпарвар, сидқидилдан меҳнат қиладиган, юксак ахлоқли, фидойи инсонларсиз уларни амалга ошириш имконсиз.