Рақобат қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармасида “Картеллар билан курашда жавобгарликни юмшатиш дастурини жорий этишнинг халқаро амалиёти (Leniency Programme)” дастурига бағишланган бир кунлик семинар ташкил этилди. Семинар Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Институционал салоҳиятни ошириш” (“Capacity Building”) лойиҳаси доирасида ўтказилди. Унда Наманган, Андижон ва Фарғона вилояти ҳудудий органларининг ходимлари иштирок этишди.
Семинарни Ўзбекистонда Leniency дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланаётган халқаро эксперт Лия Граубергер олиб борди. Биринчи қисмда у АҚШ, Буюк Британия ва Корея Республикаси тажрибаларини тақдим этди. Бу тажрибалар «Leniency” дастурлари изчил амалга оширилганда ва миллий шароитга мослаштирилганда қанчалик самарали эканини намойиш қилди.
Халқаро амалиётда «Leniency” дастури картелларга қарши энг самарали восита сифатида тан олинган, чунки у келишув иштирокчилари ўртасидаги ишончни йўқ қилади ва уларнинг ўзини ҳимоя қилишга бўлган интилишини қонунбузарликларни фош этиш ҳамда бартараф этишга хизмат қилувчи асосий омилга айлантиради.
Иккинчи қисмда эса иштирокчилар интерактив амалий машғулот(Workshop)да қатнашиб, Ўзбекистон учун «Leniency”дастурини ишлаб чиқиш бўйича ўз таклифларини тайёрладилар. Шу орқали маълум бўлдики, соҳада халқаро тажриба муҳим йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилади, бироқ у миллий қонунчилик, маданият ва менталитет хусусиятларига мослаштиришни талаб қилади.