Мазкур халқаро конференцияда Рақобат қўмитасининг вакиллари иштирок этиб, туризм хизматларини ташкил этишда амалдаги лицензия ва бошқа қонунчилик талаблари ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган давлат назорати юзасидан маълумот беришди.
Хусусан, бугунги кунда лицензиясиз туризм хизматларини реклама қилаётган тадбиркорлик субъектларига ҳудудлар кесимида кўрилган таъсир чоралари ва профилактик тадбирлар ҳақида ахборот берилди.
Шу билан бирга, республикамизда электрон тижоратнинг ривожланиш босқичлари ва бунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ҳақида тушунтиришлар берди.
Шунингдек, мамлакатимизда электрон тижоратда истеъмолчилар асосан маиший техника, кийим-кечак, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, маиший кимё ва косметика маҳсулотлари хариди ҳамда бошқа уй-рўзғор буюмларини харид қилишда фойдаланишлари ва бу борадаги муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари, электрон тижорат операторларининг оммавий оферталарини амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳамда кўрилган чоралар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Конференцияда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи 40 дан ортиқ хорижий давлат ва нодавлат ташкилотларининг экспертлари билан ўзаро тажрибалар алмашинди.