ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ДАВЛАТ ТИЛИДА АХБОРОТ ТАҚДИМ ЭТИШ ҲОЛАТЛАРИ ЎРГАНИЛДИ
Рақобат қўмитаси ўтказган ўрганиш ва таҳлилларга кўра, айрим савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан ўз номи, иш тартиби, товар (иш, хизмат)лари ва қоидалари тўғрисида истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли ахборот тақдим этилмаётгани, таомномалар ҳамда бошқа маълумотларнинг давлат тилида берилмаётгани аниқланди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни тўғри ва тушунарли ахборот билан таъминлаш мақсадида, республика бўйлаб 3615 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектида ўрганишлар олиб борилди. Уларда 2510 та ҳолатда хорижий тилларда ёки хато билан ёзилган ташқи ёзувлар, эълонлар ва ахборот матнлари қайд этилди. Камчиликлар аниқланган ҳолатларнинг 1993 таси тезкор бартараф этилди, 21 та субъектга нисбатан эса иш қўзғатилди.
Шунингдек, 2964 та корхона ва ташкилотларга истеъмолчилар ҳуқуқлари, реклама ва ахборот бериш бўйича қонунчилик талаблари юзасидан огоҳлантириш хатлари юборилди.
Ўрганишлар доирасида бозорлар, савдо ва кўнгилочар марказлар, дорихоналар, умумий овқатланиш жойлари кабиларда профилактик тушунтириш ишлари олиб борилиб, давлат тилида ахборот тақдим этилишини таъминлаш ва қонунбузарликларни олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда рўйхатдан ўтган корхоналарнинг ўртача 20 фоизидан ортиғида хорижий ёки ўзбек тили меъёрларига хос бўлмаган сўзлар ишлатилган. Масалан, 2024-йилда Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган 5071 та корхонанинг 300 таси, 2025-йил биринчи чорагида 1203 та корхонанинг 245 таси шундай номларга эга.
Ҳудудлар кесимида эса
Самарқанд вилоятида – 40%,
Қорақалпоғистонда – 39%,
Андижон – 30%,
Сирдарё – 31%,
Наманган – 26%,
Фарғона ва Хоразм – 24%,
Жиззахда – 15%
ҳолатда хорижий тиллардан фойдаланилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан мутасадди идоралар томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланиб, давлат тилида ахборот тақдим этилишини таъминлаш бўйича тушунтириш ва профилактик ишлар олиб борилмоқда.